English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхоначилар кичкинтойларга қувонч улашди
14:40 / 2022-06-01

Маълумотларга кўра, 1950 йил Халқаро демократик конгресс ҳаракати ва талаби натижасида 1 июнь санасида болалар ҳуқуқи ва ҳимояси учун алоҳида қонун ишлаб чиқилган.

1989 йил Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош Ассамблеясининг 1989 йил 20 ноябрдаги қарори билан болалар тўғрисидаги  54 моддани ўз ичига олган Конвенция қабул қилинган.

Мазкур ҳужжат болалар ҳуқуқларининг қонуний кафолати ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳужжат бутун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини  ҳар томонлама ҳимоя қилиш таъминлангани билан аҳамиятлидир. Ўзбекистон ҳам мазкур конвенцияга 1992 йилда қўшилган. Ҳар йили 1 июнь бутун дунёда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 апрелда “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан юртимизда болаларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш кафолатланган.

Халқимиз қадим-қадимдан болажон миллат сифатида эътироф этилади. Иккинчи жаҳон урушида етим қолган қанчадан-қанча болаларга ғамхўрлик қилиниши, уларнинг кўпчилигини оилалар ўз ташаббуси билан асраб олганлиги бунинг ёрқин исботи. Кичкинтойлар қувончи, уларнинг беғубор келгуси нафақат ота-онаси, балки дунё қувончи сифатида эътироф этилади.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан билан давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам республика бўйлаб болажонлар учун байрамона тадбирлар ташкил этилмоқда.

Байрам тадбирида Давлат божхона қўмитасида божхона ходимларининг фарзандлари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил қилинди. Бу шунчаки таништирув тадбири бўлиб қолмай, аксинча, болажонларга ўз ижод ва салоҳиятларини намоён қилиш имконини ҳам берди.

Қўмита ҳовлисидаги мўъжаз хиёбонда бир гуруҳ болажонлар рассомлик маҳоратини ишга солди. 5 ёшдан 8 ёшгача бўлган болажонлар чизган суратларда Ватан, она табиат ва оила каби тушунчаларнинг мурғак ифодаси намоён бўлди. Шунингдек, улар ўртасидаги жажжи боулинг мусобақаси ҳам қизиқарли ўтди. Шашка беллашувлари болажонларнинг ақлий салоҳиятини синовдан ўтказди.

Болажонларга фахрий ёрлиқ ва совғаларни Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари, божхона хизмати полковниги Отабек Чориев топширди.

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, 
ЎзА мухбири