Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхоначилар инвесторларга кўмаклашмоқда
11:43 / 2026-01-31

Бухоро вилоят божхона бошқармаси масъуллари томонидан хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилган корхоналар фаолиятини ўрганиш, уларнинг иш жараёнида учраётган муаммоларини жойида ҳал этиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тизимли равишда сайёр учрашувлар ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилган.

Мазкур ишлар доирасида Когон туманида жойлашган “XIANGYANG GROUP” хорижий корхонаси фаолияти Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов томонидан ўрганилди.

“Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси ҳисобланган ушбу корхона Хитой Халқ Республикасидан тўғридан-тўғри киритилган 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар асосида ташкил этилган бўлиб, гофра қоғоз ҳамда турли хил картон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона фаолияти маҳаллий бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш баробарида экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Дастлабки ўрганишлар жараёнида хомашёни асосан импорт қилувчи корхона вакилларига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг мазмун-моҳияти ва афзалликлари атрофлича тушунтирилиб, ундан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилган эди. Бугунги кунда мазкур божхона режими амалиётга татбиқ этилган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, ортиқча сарф-харажатлар ва вақт йўқотишларини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Таҳлилларга кўра, жорий йил бошидан буён корхона томонидан қиймати 50 минг АҚШ долларига тенг бўлган 45 тонна тайёр картон маҳсулотлари Тожикистон Республикасига экспорт қилинган. Бу эса корхонанинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Шунингдек, учрашув давомида корхона вакилларига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими доирасида амал қилиниши лозим бўлган тартиб-таомиллар, маҳсулотларни экспортга йўналтириш, экспорт жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларнинг олдини олиш ҳамда қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этиш юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА