Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхоначилар экспортчилар билан учрашишди
11:44 / 2025-06-15

Жиззах вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан Жиззах шаҳрида фаолият олиб бораётган “Agro-Gumush” масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклидаги қўшма корхонада сайёр учрашув ташкил этилди.

Ушбу корхона ковул (коврак) маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий технологиялар асосида амалга оширилмоқда.

Вилоят божхонаси масъуллар томонидан корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт салоҳияти ҳамда мавжуд инфратузилма имкониятлари, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар атрофлича ўрганилди.  

Айни пайтда қўшма корхонада 60 нафарга яқин маҳаллий аҳоли даромадли доимий иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг фаол меҳнат қилишлари ва дам олишлари учун барча қулайликлар яратилган. Ишчи хизматчиларнинг асосий эътибори сифатли маҳсулот экспортини талаб даражасида ижро этишга қаратилган.

Ўтган 2024 йил мобайнида “Agro-Gumush” МЧЖ томонидан умумий қиймати 1 миллион 600 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот хорижий давлатларга экспорт қилинганини ҳам шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.  

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса корхона 160 минг АҚШ доллари миқдоридаги қайта ишланган ковул маҳсулотларини асосан Туркия ва бошқа Европа давлатларига экспорт қилди.

Учрашув сўнгида божхоначилар ҳамда корхонанинг раҳбар ва масъуллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Суҳбат жараёнида божхона масъуллари томонидан маҳсулот экспортида божхона талаблари ва шартларидаги енгилликлар тўғрисида батафсил маълумотлар ҳамда корхонанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш юзасидан атрофлича таклифлар берилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари