Бухоро вилоят божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона пости ходимлари хориждан ҳаракатланиб келган юк автомашинасини тегишли тартибда божхона назоратидан ўтказди.
Ортилган юкларга нисбатан олдиндан олинган тезкор маълумотларга эга бўлган Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакилларида мавжуд бўлган шубҳаларни рентген тасвирлари яна бир карра тасдиқлади.
Бирламчи божхона назоратида юзага келган гумонларга ойдинлик киритиш мақсадида холислар иштирокида амалга оширилган божхона кўриги натижасида эса, Ўзбекистон Республикасига импорт тариқасида олиб кириш таъқиқланган акциз маркалари билан маркаланмаган 593 500 қутида тамаки маҳсулотлари борлиги ўз тасдиғини топди. Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, умумий қиймати 14 миллиард 244 миллион сўм бўлган мазкур тамаки маҳсулотлари юзасидан қонуний қарор қабул қилингунга қадар вақтинча сақлов чоралари кўрилган бўлиб, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Божхона органи ходимлари томонидан мазкур турдаги товарларнинг акциз маркалари билан маркаланиши назоратга олинган бўлиб, қонунбузарлик ҳолатлари ўз ўрни ва вақтида бартараф этиб келинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА