Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “Сен кучлисан” лойиҳаси доирасида онкогематологик касалликларга чалинган бир гуруҳ бемор болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Республика кўп тармоқли болалар шифохонаси онко-гематологик касалликлар бўлимида лейкоз, гемофилия, лимфома, апластик анемия каби ташхислар билан даволанаётган 20 нафарга яқин болажон иштирок этди.
Тадбирни очиб берган бошқарма бошлиғи З.Турдалиев болажонларга “Сен кучлисан” шиори остида ҳамиша ҳар қандай дардни енгиб ўтишда мустаҳкам ирода тилаб, мамлакатимизда болалар сиҳат-саломатлигини асраш йўлида олиб борилаётган эзгу ҳаракатлар албатта самара беришини, бугунги тадбир эса уларнинг келажакка бўлган ишончини ошириши, дардига бироз бўлса ҳам малҳам бўлишини таъкидлади.
Божхона бошқармасига саёҳатини Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган божхона постларининг жойлашув харитасини томоша қилиш билан бошлаган болалар, божхона органларининг назорат-техник воситалари, уларни қўллаш тартиби билан ҳам яқиндан танишди. Бошқарма ҳовлисида очиқ осмон остида хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари болаларда катта таассурот қолдирди. Кичик инспектор-кинологлар томонидан ўқув машқларининг олиб борилиши, тақиқланган ашёларнинг яширилган жойлари хизмат итлари томонидан сергаклик билан топилиш жараёнлари кичкинтойларнинг кўзларида ҳайрат учқунлари порлашига сабаб бўлди.
Болажонлар хизмат итлари билан ўйнаб, бирга расмга ҳам тушишди. Цирк томошаларининг намойиш этилиши, мультфильм қаҳрамонларининг рақс гулдасталари болаларга хушкайфият инъом этди. Тадбир якунида болаларга эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири