Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доираси жойларда кўплаб мевали, манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан ушбу мавсумда 12 минг туп кўчат ўтқазилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда мазкур режа ортиғи билан уддаланди.
Жумладан, 1400 туп мевали ва манзарали дарахт кўчати Бухоро “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи ҳудудига ўтқазилди. Халқаро мақомга эга бўлган “Олот” чегара божхона пости ҳудудини янада ободонлаштириш мақсадида эса, 1600 туп кўчат ўтқазилиши таъминланди.
[gallery-14928]
Олот туманига қарашли “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 7 гектар ер майдонига “Божхоначилар боғи” барпо этиш мақсадида иқлим шароитига бардошли 8 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати белгиланган агротехник талаблар доирасида экилди.
Ҳозирги кунда ушбу кўчатларнинг униб-ўсиб кетишини таъминлаш мақсадида масъуллар бириктирилган. Дарахт кўчатлари ўтқазилган ҳудуд, уларнинг сони каби маълумотлар эса “Яшил макон” платформасига тўлиқ киритиб бориляпти.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари