Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхоначилар беллашди
11:55 / 2025-06-12

Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари ўртасида спортнинг енгил атлетика тури бўйича “Божхона қўмитаси Раиси кубоги” республика мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида Жиззах вилоятида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, оммавий спортни ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада божхона органлари ходимлари ҳам фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Вилоят божхона бошқармаси ходимлари ўртасида Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтган баҳсларда божоначилар 100, 400 ва 3000 метр масофага югуриш, шунингдек, узунликка сакраш йўналишларида ўзаро беллашди. Ҳар бир йўналишда қатнашчилар ўз жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги ва бардошларини синовдан ўтказишди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, улар орасидан “Божхона қўмитаси Раиси кубоги” мамлакат финал баҳсларида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қиладиган энг муносиб ходимлар саралаб олинди.

Мусобақанинг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг кубок ва дипломлари билан тақдирланди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари