English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона ходимларининг машаққатли ҳамда шарафли хизмати ҳамиша қадрланади
12:17 / 2026-01-26

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” Қонунига асосан 26 январь – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари куни – божхоначиларнинг касб байрами этиб белгиланди.

– Мамлакатимизда ташқи иқтисодий алоқаларнинг изчил ривожланиб бориши миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Халқаро савдо ҳажмларининг кенгайиши орқали давлат бюджети даромадлари мустаҳкамланиб, аҳоли фаровонлигига мустаҳкам асос яратилади. Ташқи бозорларга чиқарилаётган ва мамлакатимизга олиб кирилаётган товарлар ҳаракатини тезкор, шаффоф ҳамда қонун талабларига мувофиқ тарзда расмийлаштириш божхона органлари зиммасига юклатилган муҳим вазифалардан бири. Экспорт ва импорт жараёнларида қулайликлар яратилиши ташқи савдо айланмасининг ўсиши ва тадбиркорлик фаолиятининг янада жонланишига хизмат қилади. Ана шу масъулиятли вазифаларни самарали амалга ошириб келаётган бошқарма жамоаси ўтган йил якунларига кўра салмоқли натижаларга эришди. Божхона расмийлаштируви ва назорат жараёнларининг такомиллаштирилиши орқали ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга, ташқи савдо операцияларини қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурсултан Назарбаев.

    Хусусан, 2025 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича товарлар ташқи савдо айланмаси 823,1 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва 2024 йилга нисбатан 101,4 миллион АҚШ долларига ёки 14 фоизга ошган. Шу жумладан, товарлар экспорти  320,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу даврда Қорақалпоғистон Республикаси божхона постлари орқали экспорт қилинган товарларнинг асосий қисми “Пластмассадан ясалган буюмлар, “Ўсимликлар ва улардан олинган маҳсулотлар”, тўқимачилик маҳсулотлари, кимё саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари, тирик ҳайвонлар ва бошқа товарларга тўғри келади. Ҳозирги кунда товарлар экспорти билан шуғулланган субъектлар сони 165 тани ташкил этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси худудидан товарлар экспорти 39 та давлатга амалга оширилиб, асосий ҳамкорлари Туркия, Россия, Қозоғистон, Хитой, Латвия, Эстония ва Въетнам мамлакатларини ташкил этди. Ушбу давлатларнинг улуши жами экспортда 88,6 фоизни ёки 284,1 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.  

2025 йилда товарлар импорти ҳажми асосан технологик ускуналар, металл ва металл буюмлар, озиқ-овқатлар, электротехника ва унинг қисмлари, кимё саноати, ёқилғи-энергетика ва нефть, ёғоч-тахта, пластмасса, резина маҳсулотлари ва бошқа товарларга тўғри келади.  

Товарлар импорти 51 та давлатдан амалга оширилиб, асосий ҳамкорларни Хитой, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Туркия, Италия ва Германия давлатларини ташкил қилди.

Бошқарма томонидан 2025 йил давомида 723,9 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўлови давлат бюджетига ўтказилиб, белгиланган режа 103,4 фоизга бажарилди.  Шу давр мобайнида 757 та ҳолатда 19 миллиард 421,6 миллион сўмлик товар — моддий бойлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича олинган товар моддий бойликларнинг 10 миллиард 143,4 миллион сўмлик қисми давлат фойдасига мусодара қилинган бўлса, 838,7 миллион сўмлик қисми йўқ қилинган. 4 миллиард 646,5 миллион сўмлик қисми бўйича етказилган зарар бартараф қилинганлиги сабабли эгасига қайтарилди. 3 миллиард 654,8 миллион сўмлик қисми  суд ва тергов органларида кўриб чиқилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, божхона хизмати давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг ажралмас қисми, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, миллий манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим ва самарали механизмидир. Бугун жадал суръатлар билан ривожланаётган ташқи савдо иқтисодий алоқалар шароитида божхона органларининг ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам соҳа ходимларининг машаққатли, айни пайтда шарафли хизмати халқимиз томонидан ҳамиша қадрланади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири