Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитасининг Марказий аппарати, шунингдек видеоконференция тарзида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази, Божхона институти ва божхона постлари ходимлари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони, физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик Шавкат Аюпов онлайн тарзда иштирок этди.
– Бугунги кунда халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқелик рўй бермоқда, – дейди Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов. – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига халқимиз хоҳиш ва истакларидан келиб чиқиб, ўзгартиришлар киритилаётганининг замирида «Инсон қадри учун» тамойили мужассам эканидан далолат.

Тадбирда Шавкат Аюпов мавзу юзасидан йиғилганларга батафсил маъруза ва тақдимотларни ҳавола қилди. Эълон қилинган Конституция лойиҳасига мувофиқ, ҳужжатнинг муқаддима қисми ва 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар, 6 та янги модда киритилиши режалаштирилмоқда.
Йиғилишда маърузачининг таъкидлашича, сўнгги ўн йилликларда қайси мамлакатларда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса, шу давлатларда қонун устуворлиги таъминлангани, жамиятда жамоат назорати кучайгани, ижтимоий адолат тамойиллари самара бергани ҳамда бизнес субъектлари учун иқтисодий эркинлик шароитлари кафолатланганини кўриш мумкин. Натижада аҳолининг манфаатлари биринчи ўринга чиққан.
Тадбирда божхона ходимлари лойиҳа юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Ш.Маматуропова, ЎзА