Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона хизмати ходимлари "Заковат" интеллектуал ўйинида
16:49 / 2024-01-24

Маълумки, юртимизда аксарият соҳа вакиллари ўзларининг касб байрамларига эга. Ўзбекистонда қонун билан белгиланган бу саналар ҳар йили касб-кор эгалари томонидан кўтаринки руҳда нишонланади. Хусусан, 26 январь – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни. Ушбу сана муносабати билан, божхона ходимлари ўртасида “Божхона қўмитаси раисининг кубоги” мусобақалари доирасида “Заковат” интеллектуал турнири бўлиб ўтди.

Мазкур турнирда Божхона қўмитасининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, “Тошкент-Aэро” ИБК, Марказий божхона лабораторияси, Божхона институти, Миллий кинология маркази ҳамда “Божхона-сервис” давлат муассасаси ходимлари ва курсантларидан иборат 50 та жамоа иштирок этди. 

Бу турнирни ўтказишдан асосий мақсад, “Заковат” интеллектуал ўйинини божхона органлари ходимлари орасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш, уларнинг мантиқий фикрлашларини ривожлантириш, курсант ва офицерларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш ҳамда интеллектуал қизиқишларини қўллаб-қувватлашдир. 

Тадбирни Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Чориев очиб берди ва барча иштирокчиларга омад тилади.  

Бугунги кунда божхона органлари томонидан мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона ва юк операцияларини рақамли трансформация қилиш орқали инсон омилини кескин қисқартириш, божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан холи тизимга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Давлатимиз томонидан божхона ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда.  

Шунингдек, Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган  Ўзбекистон ифтихори, бокс бўйича Жаҳон ва Осиё чемпиони Шахрам Ғиёсов иштирокчиларга ўз видео табригини йўллади.    

Божхона ходимлари ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал турнири қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтди,  ғолиблар аниқланди.  Ўйинлар якунига кўра, “Интеллект” жамоаси учинчи, “Ифтихор” жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса,“Смарт божхона” жамоаси эса турнирнинг мутлақ ғолиби бўлди.

Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов “Заковат аренаси”га ташриф буюрди ва  мусобақа иштирокчиларини самимий табриклаб, совриндорларга кубок ва эсдалик совғаларини топширди.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА