Бухоро вилояти божхона бошқармасида “Божхона аудитини ўтказиш тартиби” ҳамда “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари” мавзуларида ТИФ иштирокчилари учун семинар-тренинг машғулоти ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори талаблари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Семинар давомида 2025 йил 1 январдан бошлаб, божхона органи томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган “Камерал” ва “Сайёр” божхона аудитлари “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этган ҳолда амалга оширилиши тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девонининг Бухоро вилояти бўйича етакчи инспекторлари ҳамда Савдо-саноат Палатаси Бухоро вилояти бошқармаси масъуллари иштирок этди.

***
Бухоро вилоятида фаолият кўрсатаётган божхона омбори вакиллари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун Бухоро вилояти божхона бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг ҳамкорлигида семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 6 ноябрдаги “Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори доирасида кенг қамровли тушунтиришлар берилди.

Семинар-тренинг давомида божхона органи мутахассислари томонидан кимёвий моддаларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби ва назорати ҳақида маърузалар қилинди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг масъуллари эса, божхона омборларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича йиғилганларга тушунчалар берди.
Шунингдек, тадбирда божхона омборларида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳам муҳокама қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири