Божхона қўмитасида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) вакиллари билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Насиров, Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе, жамғарманинг етакчи эксперти Александро Симоне ҳамда тегишли мутасаддилар иштирок этди.


Музокаралар давомида кейинги йилларда Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан олиб борилаётган самарали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Хусусан, 2023 йил ноябрь ва 2025 йил апрель ойларида Тони Мацудайра бошчилик қилган диагностика миссиялари ташрифи чоғида соҳани ривожлантиришга қаратилган қимматли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган бўлиб, улар ҳозирги кунда божхона тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштиришда кенг қўлланилмоқда.


Учрашувда Божхона қўмитаси томонидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, жамғарма экспертларидан бирини Божхона қўмитаси раисига доимий маслаҳатчи сифатида жалб этиш таклифи билдирилди. Ушбу ташаббус методологик изчилликни таъминлаш, халқаро стандартларни жорий этиш, институционал барқарорликни мустаҳкамлаш, кадрлар малакасини ошириш ва ислоҳотлар самарадорлигини янада кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, божхона аудити соҳасида амалий кўмак кўрсатиш, “Рақамли божхона” тамойилини жадал амалга ошириш, ўқув тренинглари ташкил этиш ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ш.Маматуропова, ЎзА