Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ҳар бир жабҳасида кузатилган янгиланиш ва ислоҳотлар божхона хизматини ҳам четлаб ўтмади.
Божхона органлари бугун мутлоқ замонавий “қоғозсиз божхона”га ўтиш пировардида “рақамли божхона” тамойили асосида юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясига ўзининг ҳиссасини қўшмоқда.
Ҳудудлардаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари бугун мамлакатимиздаги ташқи савдо операцияларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмакдош бўлмоқда. Ушбу постлар орқали экспорт ва импортга йўналтирилган юкларнинг божхона расмийлаштируви ва назорати божхона соҳасида жорий этилган 45 та ахборот тизими, 30 та интерактив хизмат ва “ягона дарча” платформасида 13 та вазирлик ва ташкилот билан йўлга қўйилган ахборот алмашиш тамойили асосида, шунингдек, “Электрон декларациялаш” ва “Хавфни бошқариш” тизимлари ёрдамида ўз вақтида ҳеч қандай тўсиқларсиз, самарали амалга оширилаётир.
Божхона соҳасида хизмат қўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шаклларининг жорий этилиши, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнига инсон омили аралашувининг минимал даражага келтирилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳам вақт ҳам ҳаражатларининг тежалишига замин яратмоқда.
Кафель маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Prime ceramics” масъулияти чекланган жамиятининг Испания давлатидан олиб келган кафель учун махсус гранулаларининг импорти ҳам “Қўнғирот” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида расмийлаштирилмоқда.
–Божхона соҳасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар биз тадбиркорлик субъетларининг ҳаражат ва вақтини тежашга катта имкон яратмоқда, – дейди корхона менеджери Анвар Аллияров. – Хориж амалиётининг божхона тизимига жорий этилиши тадбиркорлар учун энг муҳим бўлган айланма тезлигини оширишга катта ёрдам бермоқда. Товарларнинг божхона расмийлаштируви ва назорати қисқа фурсатда амалга оширилиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз манзиллари томон йўналтирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, корхона томонидан жорий йил бошидан қиймати 2 миллион 279 минг АҚШ долларга тенг бўлган 3117 тонна керамика маҳсулоти учун гранула қопламлари “Қўнғирот” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ўз вақтида “импорт” божхона режимига расмийлаштирилган.
Сифатли кафель маҳсулотлари билан ҳозирча ички бозор талабларини қаноатлантираётган ушбу корхона келажакда ўз маҳсулотларини экспортга чиқаришни ҳам режалаштирган. Бунинг учун эса давлатимизда барча қулай шароит яратилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун мамлакатимиз божхона тизимида жорий этилган ислоҳотларнинг барчаси аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит ва имкониятлар яратиб, халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА