Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 25 мартдаги “Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида 1 сентябрдан “Ғишткўприк”, “Зангиота” ва “Довут ота” чегара ўтказиш пунктларида автотранспорт воситалари учун “яшил” ва “қизил” йўлакли тизим ишга туширилди.
Ушбу янги тартиб мамлакатимизда чегара божхона назорати самарадорлигини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Энди хавф даражаси паст бўлган транспорт воситалари “яшил” йўлакдан эркин ўтади - улар тўлиқ божхона кўригидан ўтказилмайди, балки ҳужжатлар назорати билан чекланади.


Янги тизимнинг тўлиқ ишлашини таъминлаш ва хавфсизликни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон шимолий дарвозаси ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикасидаги “Довут-ота” чегара божхона постида замонавий инспекцион кўрик мажмуаси Z-Portal қурилмаси ўрнатилмоқда. Инспекцион кўрик мажмуасини ўрнатиш ишлари АҚШдан ташриф буюрган юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу эса Ўзбекистон божхона тизими халқаро стандартларга мувофиқ янгиланиб, замонавий технологияларни жорий этаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири