ФОТОРЕПОРТАЖ
Сўнгги йилларда Ўзбекистон божхона тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари асосида божхона жараёнларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, “Ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш, хавфларни автоматик таҳлил қилиш тизимини жорий этиш ҳамда сунъий интеллект элементларидан фойдаланиш каби муҳим чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди.
Натижада экспорт ва импорт операцияларини расмийлаштириш муддатлари қисқариб, инсон омили сезиларли даражада камайди. Шу билан бирга, божхона тушумлари ва ташқи савдо айланмасида барқарор ўсиш кузатилди.
Хусусан, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 2025 йил давомида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилди.
2025 йил якунларига кўра, вилоят божхона бошқармаси томонидан давлат бюджетига 2 трлн сўмдан ортиқ божхона тушумлари таъминланди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 699 млрд сўмга ёки 53 фоизга ошгани билан аҳамиятлидир. Бундай натижалар божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, рақамлаштириш ва самарали назорат механизмларини жорий этиш билан изоҳланади.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, йил давомида 237 та тадбиркорлик субъектига жами 1,2 трлн сўм миқдорида божхона имтиёзлари тақдим этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 88 фоизга юқори бўлиб, тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
[gallery-27308]
Шу билан бирга, яширин иқтисодиётга қарши кураш, аҳоли саломатлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам божхона органлари фаолиятида устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. 2025 йилда 839 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, умумий қиймати 30,1 млрд сўмдан ортиқ бўлган товарлар қонуний муомаладан олиб қўйилди. Бу чора-тадбирлар ноқонуний товар айланмасини чеклаш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.
Коррупцияга қарши кураш масаласи ҳам божхона тизимида устувор ва ўзгармас тамойил сифатида белгиланган. Инсон омилини камайтириш, божхона постлари инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда хизматчилар учун шаффоф ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Достон ҚАЛАНДАРОВ (сурат), ЎзА