Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида саноат, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, таълим, умуман, жуда кўп йўналишларда ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) иштирокида амалга оширилаётган “Ўзбекистон Республикаси фитосанитария хизмати салоҳиятини ривожлантириш ва ўсимликлар карантини чегара пунктларини такомиллаштириш” қўшма лойиҳаси ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири ҳисобланади.

Лойиҳаси доирасида Андижон вилоятидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги “Дўстлик” чегара божхона терминалига замонавий лаборатория ускуналари ўрнатилди.
Божхона терминалини ўзида кореялик мутахассис-муҳандислар иштирокида ускуналарни ўрнатиш, ишга тушириш ҳамда улардан самарали фойдаланиш бўйича амалий семинар-тренинг ўтказилди.

– Божхона терминалига ўрнатилган янги ускуна ва технологиялар импорт, экспорт жараёнларида фитосанитар хавф таҳлилларининг аниқлиги ва тезкорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Ташқи карантин бўлими бош мутахассиси Асқаржон Абдуқодиров. – Қолаверса, янги технологиялар миллий фитосанитария назорати тизимини такомиллаштириш, халқаро стандартларга мослашишига ёрдам беради.

Семинар-тренинг давомида вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари кореялик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашди, илғор хорижий тажрибалар, иш услублари ҳақида кенг маълумотлар олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.