Тошкент шаҳар божхона бошқармасида Давлат божхона қўмитаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан "Божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларнинг қонунчиликка риоя этиши божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши гарови" мавзусида профилактик учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Давлат божхона қўмитаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи А.Ахлимирзаев, бошқарма бошлиғи ўринбосари Н.Усмонов, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Жалилов ҳамда соҳавий бўлим ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирок этишди.
Барчага маълумки, божхона органларининг асосий вазифаларидан бири бу – давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ҳисобланади.
Учрашувда сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада такомиллаштириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бир қатор қулай шарт-шароитлар яратиб берилганлиги таъкидланди.
“Бироқ, айрим “ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари” божхона тўловларини тўлашдан қочиш мақсадида, божхона ҳужжатларидан алдов йўли билан фойдаланиб, сохталаштирилган ҳужжатлар асосида республикамизга товарларни ноқонуний йўллар билан олиб киришга уриниш ҳоллари кузатилмоқда”, – дея таъкидлади Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошқармаси бошлиғи А.Ахлимирзаев.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2833-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида, божхона органлари томонидан кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилган бўлсада, ушбу йўналишда ҳамон қонунбузарликлар содир этилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида жами 8 947 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, шундан, 5 267 таси ёки 58,9 фоизи бевосита ташқи иқтисодий фаолият соҳасида содир этилган бўлиб, 2759 таси ёки 52,4 фоизи декларантлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳиссасига тўғи келади.
Биргина Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мисолида таҳлил қилганда, 2759 тадан 1168 та ҳолатда ёки 42,4 фоизи декларантларга нисбатан юритилган. Булардан 357 та ҳолатда божхона тўловларига таъсир қилган ҳолати ҳамда 811 та ҳолатда БЮДдаги хатоликдир.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факултетида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона иши бўйича қуийдаги йўналишларда пуллик ўқув курси жорий қилинган.
Мазкур ўқув курсларида
• Божхона юк декларацияларини тўлдириш тартиби
• товарларнинг ТИФ ТН кодлари аниқлаш
• божхона тўловларини ҳисоблаш ва божхона қийматини аниқлаш
• норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш ҳамда уларни амалиётга татбиқ эта билиш
• божхона тўловларини ҳисоблаш каби йўналишлар бўйича малакали устозлар томонидан дарс машғулотлари амалга оширилади.
Шунингдек, жорий йилнинг 4 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги 720-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида қайд этиладиган 4 та моддадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати судлардан божхона органларига ўтказилди.
Аҳамиятлиси шундаки, ушбу қонун билан божхона органларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширадиган бош инспекторлари, катта инспекторлари ва инспекторларига жарима тариқасидаги маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳуқуқи берилди.
Ушбу 4 та моддадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар баённома тузмасдан, соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади.
Ушбу белгиланган тартиблар 2022 йилнинг 5 январь санасидан амалиётга жорий этилиши назарда тутилган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ахборот хизмати