Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона соҳасида тадбиркорлар учун янги имкониятлар
20:12 / 2026-01-12

Хоразм вилоят божхона бошқармасининг “Урганч” ташқи иқтисодий фволият божхона постида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳамда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинар 2025 йил 17 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон мазмун - моҳиятига бағишланди.  

Таъкидландики, мазкур фармонга мувофиқ  мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун кенг қулайликлар яратилмоқда. Ушбу ҳужжат орқали экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи савдо жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, божхона тартиботларини соддалаштириш ва уларда шаффофликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Фармонга мувофиқ 2027 йилга қадар товарларни бевосита чегарада экспорт ва импортга расмийлаштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш асосида товарларни эркин муомалага чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга етказиш, ваколатли иқтисодий операторлар сонини 200 тадан ошириш ҳамда божхона аудити қамровини 30 фоизга етказиш асосий мақсадлар этиб белгиланган.

[gallery-27074]

–  Жорий йил 1 мартдан товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади ва божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобланмайди, – дейди Хоразм вилоят божхона бошқармаси бош инспектори Илҳом Қурбонов. –   2026 йил 1 майдан товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади. 1 июндан бошлаб, тадбиркорларга божхона божини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Семинарда 2028 йилга бориб юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан молиявий жарималар қўлланганда улар маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги ҳам қайд этилди.

–  Чунки, биринчи июлдан бошлаб божхона аудити доирасида аудит ўтказилиши режалаштирилган тадбиркорга йўл қўйган камчиликлари тўғрисида олдиндан хабар берган ҳолда тадбиркорнинг ўзи томонидан уларни бартараф этиш имкониятини берувчи “маслаҳатчи аудитор” тамойили йўлга қўйилади, – дейди божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис Собиржон Собиров . – 2028 йил 1 январдан божхона соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий жарималарни қўллаш тартиби жорий этилади.  

Тадбирда божхона расмийлаштируви жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, фармонда белгиланганидек, эндиликда товарларни қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби айрим қайта ишлаш амалиётларини амалга ошириш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслиги тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратиб, иш жараёнларини янада соддалаштириш ва харажатларни қисқартиришга хизмат қилиши батафсил тушунтирилди.  

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари