Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Божхона сервис” фаолиятида янги босқич: маркетинг ва жамоатчилик билан ҳамкорлик кучаймоқда
15:51 / 2025-11-06

Божхона қўмитасининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими томонидан пойтахтимиздаги “Божхона сервис” давлат муассасасида ишчи учрашув ташкил этилди.

Унда асосий эътибор мазкур муассаса фаолиятини кенг жамоатчилик ва бизнес вакиллари орасида самарали тарғиб қилиш, маркетинг ҳамда сотувлар ҳажмини ошириш бўйича истиқболли йўналишларни белгилашга қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, “Божхона сервис” давлат муассасаси фаолияти қамрови жуда кенг бўлиб, ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳам талайгина.

Муассаса бир қатор муҳим вазифаларни бажаради. Жумладан, Божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб, Божхона хизмати органларига тақдим этади. Чегара ўтказиш пунктларини назорат-техника воситалари билан жиҳозлайди. Чегарадош ҳудудларда машиналар турар жойи ташкил этади.  

Давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сақлаш ва сотиш ишларини амалга оширади. Шуни тан олиш керакки, кенг жамоатчилик, айниқса бизнес вакиллари ҳамда ишбилармон доиралар “Божхона сервис” давлат муассасаси ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Бу эса ташкилотнинг маркетинг, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш заруратини кўрсатмоқда.

Шу мақсадда муассасанинг маркетинг ва реклама ишларини ташкил этиш бўлимига малакали мутахассислар жалб қилинди. Ушбу йўналишдаги ишларни тизимли йўлга қўйиш орқали “Божхона сервис”нинг хизматлари кенг жамоатчиликка етказилиши ҳамда фаолият самарадорлиги ошиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрь куни “Божхона сервис” давлат муассасаси ташкил этилганига уч йил тўлади. 2022 йилнинг шу санадаги Ҳукумат қарорига мувофиқ, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мазкур муассаса фаолияти йўлга қўйилган эди.

Бугун эса “Божхона сервис” мамлакат божхона тизимида муҳим звено сифатида фаолият кўрсатиб, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва экспорт-импорт жараёнларини соддалаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ш.Маматуропова,

ЎзА