Божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилаётган сайёр тартибдаги учрашувлар натижасида кўплаб ишлаб чиқариш тармоқларининг экспорт салоҳияти яхшиланиб, ишлаб чиқариш салмоғи ва ишчи ўрни яратиш борасида ижобий кўрсаткичлар қайд этилмоқда.
Президентимизнинг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимининг қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни янада жонлантирмоқда.

Жорий йил ҳисобида Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъулларининг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзалликларини тадбиркорлик субъектларига етказишга қаратилган сайёр учрашувлари самарасида ушбу режимдан фойдаланаётган тадбиркорлар сони 20 тадан ошди. Мазкур рақамларни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қиёсий таҳлил этганда 66 фоизга ошганлигини кўриш мумкин.
Худди шундай учрашувлардан навбатдагиси “LE UAT DE BUXARA” МЧЖ да бўлиб ўтди. Унда божхона органи мутасаддилари корхона иш фаолияти билан яқиндан танишди. “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг афзалликлари ва ушбу режимнинг экспортни рағбатлантиришдаги ўрни хусусида батафсил тушунтириш берилди.

Маълумот учун, “LE UAT DE BUXARA” МЧЖ тиббиётда фойдаланиладиган дока ҳамда бинт ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 2023 йилнинг ўтган даврида 1,8 миллион АҚШ долларига тенг товарларни экспортга йўналтирган.
Сайёр учрашув давомида асосан қайта ишлаш мақсадида хом ашёларни хориждан импорт тариқасида олиб келадиган корхона вакилларига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан фойдаланган тақдирда қанча маблағ иқтисод қилишидан тортиб, маҳсулотлар тан нархини камайтирган ҳолда тайёр маҳсулот потенциалини ошириш имкониятининг мавжудлиги тўла тушунтириб берилди.
Учрашув якунида корхона вакилларини қизиқтирган барча саволларга божхона органи масъуллари томонидан батафсил жавоб берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.