Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов бошчилигида навбатдаги сайёр ўрганиш иссиқлик электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган “AKSA Enerji Bukhara” МЧЖда бўлиб ўтди. Унда божхона органи масъуллари корхона фаолияти билан бевосита танишди.
Мулоқот чоғида, айниқса, хориждан олиб келинадиган бутловчи ва зарурий эҳтиёт қисмларнинг божхона расмийлаштируви ўз вақтида ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Корхона барпо этилиш жараёнида хориждан 23,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги илғор технологик ускуналарни олиб кирган. Шу жараёнда қарийб 11 миллиард сўмлик божхона тўловларидан имтиёз асосида озод қилинган.
Сайёр учрашув давомида корхона вакиллари келгусида режалаштирилаётган таъмирлаш ишлари учун зарур техник воситаларни ҳам айнан божхона имтиёзларидан фойдаланиш орқали олиб киришни режа қилгани айтилди.

Шунингдек, ҳудудлар кесимида экспорт салоҳиятини ошириш ва ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси томонидан тизимли ишлар давом этмоқда.
Хусусан, Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган “ARTEL ELECTRONICS MANUFACTURING” МЧЖда ўтказилган сайёр ўрганиш бунга яққол мисолдир. Унда икки томон вакиллари корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати, экспорт салоҳияти ва божхона расмийлаштирув жараёнлари ҳақида атрофлича фикр алмашди.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён корхона томонидан умумий қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, 2 364 тонна электроника ва маиший техника буюмлари экспортга расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич табиийки, корхонанинг халқаро бозордаги фаол иштирокини тасдиқлайди.
Шунингдек, тадбир давомида божхона органи вакиллари томонидан корхона мутасаддиларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.