Божхона қўмитасида жорий йилнинг 10 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бошлиғи Ҳусан Тангриев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда божхона органлари томонидан солиқ тушумлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ноқонуний айланмага қарши олиб борилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Жорий йилнинг январь–август ойларида чегара-божхона постлари орқали 1,5 миллионга яқин юк автотранспорти (+25%), 670 мингдан ортиқ юкли вагон (+14%) ва 50,5 миллион йўловчи (+10%) ҳаракатланди.
Шу даврда 946 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилди, бу эса экспорт ва импортдаги фаолликнинг сезиларли даражада ошганини кўрсатади.
Тадбиркорларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида 12 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 47 триллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар ва преференциялар қўлланилди. 400 дан зиёд бизнес субъектларига 4,8 триллион сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Бу чоралар соҳада инвестициявий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 10 ойида давлат бюджетига 60,7 триллион сўмлик божхона тўловлари ўтказилиб, белгиланган режа 101,3 фоизга бажарилди. Бу кўрсаткич божхона тизими самарадорлигини намоён этади.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш доирасида 34,6 минг ҳолат аниқланди. Жами 1 триллион сўмга яқин товарлар ноқонуний айланмадан олинди.
Мамлакат аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш учун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, ўқотар ва совуқ қуроллар ҳамда тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинди.
Божхона декларациялари рақамлаштирилган ҳолда расмийлаштирилиши экспортда 94 фоиз, импортда 85 фоизни ташкил этди. Бу жараёнда инсон омилисиз расмийлаштириш: экспортда 45 фоиз, импортда эса 6 фоизни ташкил қилди.
Божхона ҳудудида қайта ишлаш режими кенгаймоқда. Ушбу режимдан фойдаланган тадбиркорлар сони 443 нафар, улар 979 миллион долларлик товарлар жойлаштирган. Натижада қайта ишланган 1,2 миллиард долларлик маҳсулот (+43%) экспорт қилинди.
Ш.Маматуропова, ЎзА