Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади
16:51 / 2021-06-03

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, «Прокуратура тўғрисида»ги қонунда Департамент томонидан иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни қўллаш билан боғлиқ ваколатларга аниқлик киритиляпти.

Жиноят кодексига жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш натижасида олинган мол-мулкни махсус мусодара қилиш тартиби белгиланмоқда. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга жиноий йўл билан топилган мол-мулкни мусодара қилиш билан боғлиқ қўшимчалар киритилаётир.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан лойиҳани пишиқ-пухта қилиш бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, узоқ тортишув, баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қўллаб-қувватланди.

Мамлакат ривожи, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда бюджет харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг янада очиқ ва шаффофлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу жиҳатдан депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси давомида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратдилар.

Қонун лойиҳасида жорий йилда қабул қилинган дастурлар ва қарорлардаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш, уларнинг молиялаштириш манбаларини аниқлаш ҳамда айрим харажатларни мақбуллаштириш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, ташқи иқтисодий фаолият йўналишида, яъни божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар талаблари асосида амалдаги Божхона кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, товар ва транспорт воситаларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикасининг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида бож олинмайдиган савдо дўконининг учинчи тури киритилмоқда.

Эътиборга молик томони, божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилиб, назорат остида етказиб бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонуни талабларига мувофиқлаштирилмоқда.

 

Н.Насриев, ЎзА