Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Қашқадарёда
08:15 / 2026-02-21

Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан Божхона қўмитаси раиси ўринбосари О.Чориев ҳамда бошқарма бошлиғи И.Пардаев иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Қарши шаҳрида ташкил этилди.

Учрашув давомида ташқи иқтисодий фаолиятда “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими қўлланилишининг ижобий самараси, унинг тадбиркорлар учун яратаётган қулайликлари амалиётдаги мисоллар орқали атрофлича тушунтириб берилди. Таъкидланганидек, ушбу режим доирасида хомашё ва товарлар божхона тўловларисиз олиб кирилиб, ҳудудда қайта ишланади ҳамда тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилинади.

Бу эса ишлаб чиқарувчиларга айланма маблағларни тежаш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва рақобатбардош товар ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Қайд этилишича, айни пайтда вилоятда 23 та корхона мазкур режимдан унумли фойдаланиб келмоқда. Натижада 22 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги маҳсулот қайта ишланиб, тайёр ҳолда 12 дан ортиқ давлатларга экспорт қилинган.

Шунингдек, учрашувда божхона расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш, электрон хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлар билан очиқ ва шаффоф мулоқотни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган янгиликлар хусусида ҳам маълумот берилди. Тадбиркорлар томонидан логистика, расмийлаштириш муддатлари, имтиёзлар ва амалиётда учраётган айрим масалалар юзасидан саволлар ўртага ташланди.

Билдирилган ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг амалий ечими бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Учрашув тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва давлат идоралари билан ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири