Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона қайта ишлаш режими яратган имкониятлар
10:59 / 2025-08-05

Бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ишлаб чиқариш ва саноат соҳаларига қаратилган эътибор замирида, аввало, улкан эзгу мақсад мужассам.

Жорий йилда Бухоро вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштириш бўйича жами 5 миллиард АҚШ доллари, шундан 3,0 миллиард АҚШ доллари ҳудудий ва 2 миллиард АҚШ доллари тармоқ режаси белгиланган. Жорий йилнинг 6 ойида ҳудудий корхоналар томонидан 605 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиб, режа 118 фоизга бажарилди. Тармоқ корхоналари томонидан эса 892 миллион АҚШ долларлик лойиҳалар амалга оширилди. 

Бухоро шаҳрида 2023 йилда пахта-тўқимачилик кластери томонидан янги тармоқ фабрикаси ташкил қилиниб, 22 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция йўналтирилган эди. 2024–2025 йилларда эса корхона фаолиятини кенгайтириш мақсадида яна 28 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этилди ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи замонавий мажмуа вужудга келди.

[gallery-24605]

– Ҳозирда вилоятда 4 та филиал мавжуд бўлиб, Бухоро шаҳридаги корхонада матони тўқиш бўяш ва гул босиш ва тикиш ишлари олиб борилади. Бундан олдин ип йигирув, калава ва матоларни экспорт қилиш жараёнида қийинчиликлар бор эди. Ҳозирги кунда эса соддалаштирилган яъни “Экспорт учун уч қадам” тизими орқали маҳсулотларни жуда тез, осон ва қулай тизим орқали экспорт қиляпмиз, – дейди корхона раҳбари Гулчеҳра Шойгулова. 

Мазкур корхона 2024 йилда 3 миллион 550 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотларни экспорт қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 610 минг АҚШ долларини ташкил этди. Ҳозирда 880 нафардан ортиқ ишчи доимий иш билан таъминланган ва жамият асосан, Италия, Австрия, Англия ва Германия каби Европа мамлакатларига ўз маҳсулотларини йўналтирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимининг қўлланилишини соддалаштириш доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда. Биргина Бухоро вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, бундан икки йил муқаддам вилоятдаги маҳсулотлар қайта ишлаш  билан шуғилланувчи корхоналар сони саноқли эди. Аммо, йиллар давомида божхона органи вакиллари томонидан олиб борилган тарғиботлар, тадбиркорлик субъектлари учун ташкил этилган семинар-тренинг ўз самарасини берди ва ҳозирда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан фойдаланаётган корхоналар сони ортди.

Ҳозирда  вилоят ҳудудидаги етакчи экспортёр корхоналардан ҳисобланган тикувчилик корхонаси ҳар хил турдаги офис кийимлари тикишга ихтисослашган бўлиб, асосан  хомашё ҳисобланган матоларни Германия, Туркия ва Хитой каби хорижий давлатлардан импорт қилади.  Корхона “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими орқали импорт қилинган хомашёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни Европа мамлакатларига экспорт қилмоқда. 

– Корхонамиз асосан жинси матосидан эркаклар ва аёллар кийим-кечаги ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди корхона иш бошқарувчиси Миршод Ибрагимов. – Жорий этилган “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими бизларга анча қулайликларни яратди. Масалан, 2024 йилда 30 минг погонаметр матони қайта ишлаш орқали 470 минг АҚШ доллар миқдорида экспорни амалга оширганмиз. Бу тадбиркорга том маънода ёрдамчи тизимга айланди. Қоғозбозликларга батамом барҳам берилиб, электрон хизматлар жорий қилинди.   

Корхонада узлуксиз хомашёга бўлган талаб, айнан мазкур режим имкониятларидан ўринли фойдаланиш натижасида ижобий ечим топган. Рақамлар саломоғига кўра, корхона жорий йил давомида Покистондан 145,5 минг АҚШ доллари қийматидаги хомашёни қайта ишлаш мақсадида олиб келиб, тайёр маҳсулотларни 206,8 минг АҚШ доллари қийматида экспортга йўналтирган. Бу натижалар корхонанинг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан самарали фойдаланаётганини кўрсатади. 

Вилоятда саноат маҳсулотлари ҳажми 23,3 триллион сўмга етказилди. Бу билан ўсиш сурати 108 фоизга яқинлашди. Аҳоли жон бошига саноат ҳажми 11,2 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳозирда саноат таркибида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам юқори улушни эгаллаган. Эътиборли томони, бугун экспортёр корхоналарнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши уларнинг фаолият кўлами кенгайишида муҳим восита бўлмоқда. Мисол учун, Бухоро шаҳрида иш олиб бораётган корхона томонидан 2024 йил давомида қиймати 1,3 миллион АҚШ долларига тенг, жами 992 тонна “металл қувур”, “пластик буюмлар” ва “металл бўёқлари” товарлари божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида расмийлаштирилди. 

Вилоят кесимида жорий йил биринчи ярамида 132 миллион АҚШ долларлик экспорт режаси белгиланган бўлса, амалда 146 миллион АҚШ доллар ёки 110,2 фоизга бажарилди. Йил якуни билан бу кўрсаткични 350 миллион долларга етказиш режа қилинган. Ҳозирда вилоятда саноат йўналишида 21 та, қишлоқ хўжалиги йўналишида 4 та йирик экспортёрлар фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг божхона қайта ишлаш режимида ишлашлари учун яратилган қулайликлар ҳам ижобий натижалар бермоқда.

Божхона органларининг бугунги фаол ёндашуви замирида тадбиркорга ва халққа ёрдам бериш, юртимиз иқтисодий кўрсаткичларини юксалтириш мақсади мужассамдир. Зеро, улар нафақат назорат органи сифатида, балки бизнес учун стратегик ҳамкорга айланиш орқали тадбиркорларнинг  экспорт салоҳиятини юксалтиришга яқиндан ёрдам бермоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.