Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг шахсий хавфсизлик ходимлари томонидан божхона постларида доимий равишда профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Навбатдаги тадбир “Қорақалпоғистон” темир йўл ҳамда “Довут-ота” авто божхона постида инспектор ходимлар ва божхона пости орқали ҳаракатланаётган йўловчи фуқаролар ўртасида ўтказилди. Ушбу тадбир божхона ходимлари орасида соғлом муҳитни яратиш, тамагирлик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашув давомида ҳар бир ходимнинг иш самарадорлиги унинг руҳий осойишталиги, хотиржамлиги ва ҳамкасблар ўртасидаги муҳитга боғлиқлиги ҳамда руҳий тушунмовчилик, етишмовчиликлар ходимнинг коррупция иллатига мойиллигини шакллантирувчи сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Божхона ходимлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, пост инфратузилмалари тубдан янгилангани, ходимлар фақат холис хизмат ўташи ва тизимда иш самарадорлигининг ошиши, коррупция йўлига кириб қолмаслик учун бир-бирига ҳушёр бўлиши ва ҳамкорликда курашиш лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилди. Ҳалол, пок хизмат эвазига келаётган ризқдан яхшиси бўлмаслиги ҳақиқат эканлиги эслатилди.
Ўтказилган давра суҳбатлари чегара божхона постларида хизмат қилаётган инспекторлар учун маънавий ва амалий қимматга эга бўлгани шуҳбасиз.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири