Божхона постида хорижий валютани ноқонуний олиб ўтаётган шахс ушланди
Тошкент вилояти Божхона бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, қўшни давлатга ўтиш учун «Ғишткўприк» чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаронинг божхона назоратидан ўтаётган вақтида хатти-ҳаракатларида шубҳа пайдо бўлган. Натижада ушбу шахс божхона ходими томонидан белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилган.
Натижада, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва ёзма равишда декларацияланмаган 670 000 Россия рубли миқдоридаги хорижий валютаси борлиги аниқланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 100 млн. сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига божхона назорати қоидаларига риоя этилган ҳолда чекловларсиз олиб чиқишларига рухсат этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА