English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона органлари давлатимизнинг мустаҳкам таянчи
18:00 / 2024-08-30

Божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда божхона органлари фаолияти такомиллашгани қайд этилди.

Хусусан, Ташқи савдо товарлари ҳажми 43 фоизга ошсада, экспорт товарларининг 93 фоизи, импорт товарларининг 73 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Бунда, декларацияларни инсон омилисиз расмийлаштириш ҳажми экспорт товарлари бўйича 40 фоизни ташкил қилди. 

Божхона тўловларидан қўлланилган имтиёзлар, бўлиб тўлашга рухсат берилган тўловлар 24 трлн. сўмга ёки 57 фоизга, давлат бюджетига ўтказилган божхона тушумлари 25 трлн. сўмга ёки 76 фоизга ортди. Хавфларни бошқариш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида 2,5 трлн. сўмлик товарларнинг ноқонуний айланувига чек қўйилди, 95 млрд. сўм эквивалентидаги валюта қимматликлари, 83 млрд. сўмлик заргарлик буюмлари ушлаб қолинди. 

Аҳолимиз соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасида сўнгги 3 йилда 10 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, 1 млн. дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 30 мингга яқин тақиқланган материаллар, 58 та қурол ва 13 мингга яқин ўқ-дорилар ҳамда 126 млрд. сўмлик тамаки маҳсулотлари аниқланди. 

Божхона органларининг ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлашдаги иштироки ҳам тобора ортиб бормоқда. Ҳозирга қадар республикамизнинг 10 та ҳудудида амалга оширилган қурилиш ва реконструкция ишлари натижасида 16 та ижтимоий объектлар, яъни мактаб, боғча, спорт мажмуалари, саховат ва мурувват уйлари фойдаланишга топширилди. Ҳудудларда 3 та мактаб мукаммал таъмирланмоқда, 10 та янги мактаб қурилмоқда. 

Бундан ташқари, бир кунда 35 минг фуқаро ва 2 мингтагача транспорт ҳаракатланаётган Қозоғистон давлати билан чегарада жойлашган 3 та йирик «Довут-ота», «Ғишткўприк» ва «Навоий» постлари замонавий лойиҳалар асосида қурилмоқда. 

Тадбиркорлар ўртасида «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимини оммалаштириш борасидаги тарғибот ишлари натижасида ушбу режимдан фойдаланган субъектлар сони 71 фоизга ошиб, 265 тани ташкил этди ва қайта ишланган 530 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. 

«Экспорт уч қадамда» лойиҳаси ишга туширилиб, декларациялашнинг 9 босқичли тартиботи 3 баробарга қисқарди. Мазкур амалиёт тадбиркорларимизга декларациялаш вақтини 30 дақиқадан 5 дақиқага қисқартириб, расмийлаштириш учун йиллик 80 млрд. сўм харажатини тежаш имконини беради. 

Ушбу кўрсаткичларга эришишнинг асосий сабаби сифатида божхона постларидаги оддий кичик инспектордан тортиб, бошқарма ва қўмита ходимларигача хизматга виждонан ёндашиб, жонажон Ватанимизга садоқат билан хизмат қилаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Мамлакатимизни тараққий эттириш, жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини янада оширишга катта ҳисса қўшаётган, ўз касбига фидойи ватандошларимизнинг эл-юрт олдидаги хизматлари муносиб тақдирланиб келинмоқда. Улар сафида божхона ходимларининг ҳам борлиги қувонарлидир. 

Президент фармонига мувофиқ 4 нафар божхона ходими юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди. 

Тадбирда ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида қўл жангги ва бокс бўйича олтин медалларни қўлга киритган бир гуруҳ спортчи божхона ходимлари тадбирда муносиб рағбатлантирилди. 

Божхона институтининг ашула ва рақс ансамбли томонидан намойиш қилинган байрам дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА