Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона назорати тадбиркорлар фаолиятига кўмаклашмоқда
14:40 / 2025-01-07

Тошкент вилоятида божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ҳозирда божхона бошқармаси тузилмасидаги 16 та божхона постининг 15 таси самарали фаолият юритмоқда. Уларнинг доирасида жойларда 71 та божхона омбори, 1 та бож олинмайдиган савдо дўкони, 2 мингдан ортиқ божхона ташувчиси ҳамда 5 мингга яқин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси бор. 

Ўтган йил давомида вилоят божхона бошқарма томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан ишлар таҳлилига кўра, жами 13,4 триллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 6,4 триллион сўм имтиёзлар берилди. 

– Шу давр мобайнида 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди, – дейди Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бўлими бошлиғи Аброр Атамуродов, – Маҳаллий товарлар экспорти асосан Қозоғистон, Хитой, Россия, Туркия, Афғонистон, Белгия ҳамда Покистон давлатларига бўлди. Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилган мева ва сабзавот, транспорт ва унинг эҳтиёт қисимлари, калава ип, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари хорижлик ҳамкорларни қизиқтирмоқда. Тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида барча бўлинма, гуруҳ ва божхона постларида фуқароларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. 

Бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 78 та ҳолатда 75,8 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 69 миллиард 484 миллион сўмга тенг товарлар ушлаб қолинди. 

Бугунги кунда, Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона тўловларини тўлиқ таъминлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишини кучайтириш орқали экспортни кўпайтириш, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ишларини мувофиқлаштириш ва озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

А.Мусаев,ЎзА