Сўнгги вақтларда полиэтилен гранулаларини божхона чегарасидан ноқонуний тарзда олиб ўтишга бўлган уринишлар тез-тез учрамоқда. Худди шундай қоидабузарликка Божхона қўмитаси Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда ДХХ чегара қўшинлари ходимлари ҳамкорлигида чек қўйилди.
Унда бир эмас нақд учта ҳолатда айнан полиэтилен гранулаларини божхона ходимлари назоратидан яширган ҳолда олиб ўтишга бўлган уринишлар ўз вақтида бартараф этилди.

Дастлабки ҳолатда Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши кураш бўлими тезкор вакиллари ҳамда “Бухоро” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан хорижий фирма номидан юртимизда фаолият кўрсатувчи МЧЖлардан бирига юборилган юклар тегишли божхона кўригидан ўтказилган. Натижада юк кузатув хужжатларида қайд этилмаган, қиймати 1 миллиард 106 миллион сўмлик полиэтилен гаранулалари борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, юқоридаги каби яна иккита ҳолатга “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан чек қўйилди. Унга кўра, ҳужжатларда иккиламчи синфдаги полипропилен грануласи дея кўрсатилган товарлар божхона назорати ва кўригидан ўтказилган. Маълум бўлишича, мазкур товарларга тегишли кодлар божхона тўловларидан қочиш мақсадида ўзгартирилганлиги божхона ходимларида шубҳа уйғонган. Марказий божхона лабораториясининг тегишли хулосалари эса, ушбу гумонларни тасдиқлади. Аниқланишича, умумий қиймати 2 миллиард 639 миллион сўмлик товарлар 200 миллион сўмлик божхона тўловларидан қочишга уриниш натижасида вақтинча сақловга олинган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонида терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА