French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдода очиқлик ҳамда тезкорликни таъминлашда муҳим қадам
17:36 / 2026-01-08

Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш, айрим импорт ва экспорт юкларини автоматик тарзда расмийлаштиришни ташкил этиш тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик яратиб, ташқи савдо операцияларини янада тезлаштиради.

2025 йил 17 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида қандай вазифалар белгиланди? Шулар хусусида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходими Диёр Назаровнинг фикрларига қизиқдик.

– Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил сўнггида божхона соҳасида қабул қилинган “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда бир қанча самарали мақсадлар кўзда тутилган, – дея фикрини бошлайди мутахассис. – Унда жумладан, товарларни бевосита чегарада экспорт ва импортга расмийлаштириш ҳажмини 2 баробарга, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш асосида товарларни эркин муомалага чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга ҳамда ваколатли иқтисодий операторлар сонини 200 тадан ошириш назарда тутилган. Айни жараёнда божхона аудити қамровини 30 фоизга етказиш ҳам белгилаб берилган.

Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражаларни эгаллаган ваколатли иқтисодий операторларга қўшимча имкониятлар тақдим этилади. Жумладан, божхона тўловлари ва солиқларни қайтариш ҳамда ўзаро ҳисобга олишда соддалаштирилган тартибларни жорий этиш, товарларни қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби қайта ишлаш операциялари учун алоҳида рухсатнома талаб этилмайди.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб товарларни чегара божхона постининг ўзида, чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштириш амалиёти жорий этилади.

Дастлабки декларациялаш орқали расмийлаштирилаётган товарлар учун божхона йиғими 20 фоизга камайтирилади, божхона тўловларини кечиктириб тўлашда эса 14 кунгача фоиз ҳисобланмайди.

Илгари бундай чегирмалар мавжуд эмас эди. Янги тартиблар тадбиркорлар учун вақт ва харажатларни тежашга хизмат қилади ҳамда истеъмолчиларга сифатли ва арзонроқ маҳсулотларни етказиб бериш имконини яратади.

Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришда ҳужжатларни Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси текширувидан мажбурий ўтказиш, сертификатлаш органларида даврий баҳолаш ўтказмасдан туриб уларни электрон тизимдан узиб қўйиш, мувофиқлик сертификати беришни рад этиш тўғрисида қарор мавжуд бўлмаган ҳолларда маҳсулотларни сертификатлаш жараёнига чеклов ва тақиқлар ўрнатиш бекор қилинди.

Фармон ижросини таъминлаш орқали божхона юк декларацияларининг автоматик расмийлаштириш улуши 19 фоиздан 30 фоизгача етади, декларациялаш вақти эса 2 баробарга қисқаради.

Шунингдек, божхона кўриклари самарадорлиги 12 фоиздан 17 фоизга ошиши кутилмоқда. 

Қабул қилинган фармон божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо соҳасида очиқлик, тезкорлик ҳамда самарадорликни оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди. 

Янги тартиблар орқали тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспорт-импорт жараёнларини соддалаштириш ҳамда истеъмол бозорини сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилмоқда. Бу эса мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА