Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят суди ва ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Йўлдошев коррупциянинг давлат ва жамият фаровонлиги учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири экани ҳақида сўз юритди. Бу иллатнинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз бўлиш учун бошқарма ҳамда божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар билан тизимли ишлар йўлга қўйилгани ўз самараларини бераётганини қайд этди. Порахўрликнинг салбий оқибатлари, Ватанга садоқат, миллатимизга ҳурмат ва оила шаънини биринчи ўринга қуйиб, хизмат бурчини адо этиш каби масалаларда мунтазам йиғилиш ва суҳбатлар ташкил этилаётгани таъкидланди.


Тадбирда вилоят ҳокимлиги ва вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасаддилари давлат хизматчилари ўртасида коррупциянинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, давлат хизматчилари учун яратилаётган ижтимоий кафолатлар, очиқлик ва шаффофликнинг коррупция ҳолатларига барҳам беришдаги аҳамияти, коррупция жиноятига белгиланган жазо ва унинг оқибатлари хусусида фикр алмашди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан божхона ходимлари яратилаётган кафолат ва имтиёзлар соҳани коррупциядан батамом холи тизимга айлантиришга хизмат қилаётгани, келгусида ҳам Ватанга садоқат ва ҳалоллик билан бу иллатга қарши курашишга тайёр эканликларини таъкидлади.


Тадбир якунида божхона ходимлари учун тайёрланган флаер тарқатилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири