Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона коррупциядан ҳоли тизимга айланиши керак
15:48 / 2022-07-27

Давлатимиз раҳбарининг “Божхона – бошқа давлат идораларига ўрнак бўлиши керак”, деган сўзларини шиор қилиб олган божхоначилар олдида бугун соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, уни бутунлай коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш, замон билан ҳамнафас қадам ташлаш каби масъулиятли вазифалар турибди.

Тизим ходимларининг бор куч-шижоати билан хизмат қилиши, ўз устида доимий ишлаб, салоҳиятини ошириб бориши учун қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Хўжайли” чегара божхона пости шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги профилактика йиғилиши ҳам божхонани коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш масаласига бағишланди.

Профилактика тадбирида бошқарма раҳбарияти ва шахсий хавфсизлик бўлими бошлиғи қатнашиб, коррупция миллат заволи экани, божхона постларида коррупция иллатига қарши барча таркибий тузилмалар ҳамжиҳатликда курашиши лозимлиги, бу иллатнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкин бўлган ҳолатларни йўқотишга эътибор бериш, ҳар қандай жиноий қилмиш охир-оқибат фош бўлиши ва унга албатта, жазо муқаррарлиги таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда божхона ходимларининг ижтимоий ҳимоясига қаратилаётган алоҳида эътибор бўйича ҳам маълумотлар берилиб, ажратилаётган моддий ва ижтимоий ёрдам қонунчилик ҳужжатлари билан мустаҳкамланганлиги айтилди.

Таъкидлаш жоизки, божхона тизимини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш, унда фақат ҳалол меҳнат қилиб, қонунчилик талаблари асосида хизмат қилувчи божхоначилар фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркибнинг хизмат ва ижро интизомига риоя қилиши, улар томонидан коррупция, тамагирлик, порахўрлик, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятлар, бошқа салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олишда ишлар жадал бормоқда.

Шахсий таркиб билан олиб борилган профилактик тадбирлар давомида бошқарманинг барча божхона постларида хизматнинг тўғри ташкил этилиши, ходимлар томонидан товар ва транспорт воситалари, фуқаролар ҳамда уларга тегишли бўлган багаж ва қўл юкларини божхона назоратидан тўлақонли ўтказилиши, шу билан бирга, ходимлар ҳушёрлиги 2022 йил январь-июнь ойлари давомида 47 маротаба хуфиёна тарзда текширилди.

Текширувлар натижасида хизмат вазифасини бажариш давомида камчиликларга йўл қуйган 4 нафар ходим интизомий жазога тортилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА