Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Раисининг ўринбосари Н. Мусамуҳамедов бошчилигида Бухоро вилоятида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан навбатдаги амалий учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида жорий йилнинг 13 февраль куни Оҳангарон туманида ўтказилган “Тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш” мавзусидаги видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Учрашув давомида тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш масалалари асосий эътибор марказида бўлди. Тадбир аввалида божхона органлари масъуллари томонидан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими, унинг ҳуқуқий асослари, иқтисодий афзалликлари ҳамда амалий имкониятлари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

Хусусан, қайта ишлаш йўналишида етарли ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган, аммо мазкур режим имкониятларидан ҳали тўлиқ фойдаланмаётган тадбиркорлик субъектларининг имкониятлари чуқур таҳлил қилинди. Ушбу режим орқали хомашёни божхона тўловларисиз олиб кириш, уни маҳаллий ҳудудда қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш имконияти мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда Бухоро шаҳри, Вобкент, Пешку ва Олот туманларида экспорт-импорт фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар қайта ишлаш операциялари билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди. Шунингдек, бир неча йиллардан буён “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан самарали фойдаланиб келаётган корхоналарнинг вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, амалий мисоллар орқали мазкур режимнинг иқтисодий самарасини кўрсатиб беришди.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда товарларни қайта ишлаш режимида фаолият юритган тадбиркорлар сони 81 нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 5 баробарга ошиб, 525 нафарга етган. Иқтисодий самарадорлик ҳам сезиларли даражада ошган: мазкур давр мобайнида режим орқали олинаётган иқтисодий натижа қарийб 8 баробарга кўпайган. Жумладан, 2025 йилда 1,6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги қайта ишланган маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилди. Бу кўрсаткичлар мазкур режим тадбиркорларнинг иқтисодий ўсишига, экспорт географиясини кенгайтиришга ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётганини яққол намоён этмоқда.

Учрашув доирасида Н. Мусамуҳамедов бошчилигида вилоят ҳудудида фаолият юритаётган корхоналарда сайёр ўрганиш ишлари ҳам ташкил этилди. Асосий мақсад эса тадбиркорлик субъектлари фаолиятини жойида ўрганиш, мавжуд муаммоларни бевосита мулоқот орқали аниқлаш ва уларга амалий ечимлар таклиф этишдан иборат бўлди.
Ўрганишлар Бухоро туманида жойлашган Гала- Ривер МЧЖ корхонасида ўтказилди. Узум маҳсулотларидан спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, дистиллаш ва тозалашга ихтисослашган ушбу корхона томонидан 2024–2025 йиллар давомида 88 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди. Бу натижа ҳудудий ишлаб чиқариш салоҳиятининг босқичма-босқич мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Сайёр учрашув чоғида божхона органлари масъуллари корхона вакилларига “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг имкониятлари ҳақида янада кенг маълумот бериб, ундан самарали фойдаланиш юзасидан аниқ амалий таклифлар киритдилар. Таъкидланганидек, мазкур режим ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулот рақобатбардошлигини кучайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш учун қулай иқтисодий муҳит яратади.
Мулоқот жараёнида тадбиркор мазкур режимдан фойдаланиш нияти анчадан буён мавжудлигини билдириб, келгусида Афғонистондан узум хомашёсини олиб кириш, уни қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулотларни Россия ва Беларусь бозорларига экспорт қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Учрашув якунида корхона фаолиятини янада кенгайтириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, ҳужжатлаштириш жараёнларини оптималлаштириш ҳамда “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Ушбу учрашув тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасидаги очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлаб, ҳудудий иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим амалий қадам сифатида баҳоланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири