French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона имтиёзлари самара бермоқда
17:46 / 2026-02-20

Наманганда божхона ҳудудида қайта ишлаш режими имкониятларидан фойдаланган ҳолда экспорт ҳажмини ошириш мавзуига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Мазкур амалий тадбирда вилоятда иш олиб бораётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари – экспортёр ва импортёр тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувни бошқарган  Божхона қўмитаси раисининг ўринбосари, полковник Отабек Ибрагимов мамлакатимизда ташқи савдо жараёнларини янада соддалаштириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумотлар берди.  

Хусусан, товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими доирасида олиб кириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни ташқи бозорларга чиқаришда яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда мавжуд имтиёзлар тушунтирилди.

[gallery-27783]

Таъкидланганидек, ушбу тизим тадбиркорларга хориждан хомашёни божхона тўловларисиз ва имтиёзли тартибда олиб кириб, уни қайта ишлаб, қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш имконини беради. Бу эса, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, мулоқот жараёнида тадбиркорлар томонидан ташқи савдо операцияларини амалга оширишда учраётган айрим муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифлар билдирилди. Масъуллар томонидан мазкур масалаларда тегишли тушунтиришлар берилиб, бизнесни рағбатлантриш ҳамда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш божхона органларининг устувор вазифаларидан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, Наманган вилоятида ўтган 2025 йил давомида янги режим афзалликларидан ҳудуддаги халқаро бозорда ишловчи 38 та субъект унумли фойдаланди. Жумладан, қиймати 45 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган хомашё божхона ҳудудида қайта ишланиб, натижада 64,4 миллион долларлик товарлар 18 та давлатга экспорт қилинди.  

Эътиборлиси шундаки, тадбиркорларнинг 35,3 миллиард сўм маблағлари тежалиб, маҳсулот таннари 10-15 фоизга арзонлашди. Қўшимча 870 та иш ўрни яратилди. Жорий йилда 25 давлатга 150 миллион долларлик қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.  

Очиқ ва конструктив руҳда кечган мулоқот ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳуқуқий билимини ошириш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, асосийси, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА