Хоразмда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг афзалликларини тадбиркорларга етказиш бўйича тарғибот тадбири ташкил этилди.
Божхона қўмитасининг тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъуллари Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларига чиқиб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди.
Мазкур тадбирларда “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими доирасида яратилган қулай имкониятлар ҳамда имтиёзлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
[gallery-27777]
Хусусан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун Ўзбекистонга хом ашёни олиб келиш, уни божхона ҳудудида қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида ташқи бозорларга чиқариш механизмлари аниқ мисоллар орқали тушунтирилди.
Таҳлилларга кўра, Хоразм вилоятида 2025 йил давомида мазкур режимдан ҳудуддаги 12 та йирик корхона самарали фойдаланган. Қиймати 5,2 миллион доллардан ортиқ бўлган хомашё божхона ҳудудида қайта ишланиб, натижада 22,3 миллион долларлик тайёр маҳсулотлар ташқи бозорларга экспорт қилинган.
Ушбу кўрсаткичлар вилоятда саноат салоҳияти ҳамда экспорт ҳажми ошиб бораётганини билдиради.
Божхона органлари томонидан олиб борилаётган бундай тарғибот ва тушунтириш ишлари эса тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, мавжуд имтиёзлардан тўлиқ ва мақсадли фойдаланишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари