Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Божхона ҳудудида қайта ишлаш» учун олиб кириладиган товарлардан божхона тўловлари ундирилмайди
17:58 / 2024-08-28

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Божхона қўмитаси томонидан «Божхона органлари томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар: «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режими ва «Экспорт уч қадамда» тизимининг афзалликлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда асосий эътибор 20 август куни давлатимиз раҳбарининг Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида божхона органлари олдига қўйилган вазифалар ҳамда 2024 йилда божхона органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай бизнес юритиш учун шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилган муҳим янгиликларга қаратилди. 

– Бугун биз бирон тадбиркор ҳузурига борар эканмиз, уни қийнаётган масала божхонага тегишли ёки тегишли эмаслигидан қатъий назар, шу масалани ҳал қилиб, охирига етмагунча бор кучимизни сафарбар қилмоқдамиз, – дейди Божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Нодир Мусамуҳамедов. – Жорий йилнинг ўзида божхона органларига тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатларнинг 152 таси ижобий ҳал этилди, тадбиркорлар билан учрашувларда олинган 20 га яқин таклифлари ижобий кўриб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Божхона назорати ва расмийлаштирув жараёнлари хавфларни таҳлил қилиш ва танлаб текширишга асосан амалга оширилмоқда. Мазкур тизимлар орқали ҳалол тадбиркорларга соддалаштирилган тартиблар қўлланилиб, уларнинг вақти ва молиявий харажатлари кескин қисқартирилди. Жорий йилнинг ўзида қиймати 5 млрд. АҚШ долларига тенг 80 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари божхона ходимининг аралашувисиз автоматик расмийлаштирилди. 

Экспортда 91 фоиз ва импортда 71 фоиз юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Божхона органларида товарларни ТИФ ТН бўйича таснифлаш бўйича дастлабки қарор бериш хизмати тўлиқ рақамлаштирилиб, янада такомиллаштирилди. Шу вақтга қадар тадбиркорларимиз ушбу хизматдан 50 евро тўлаб фойдаланган бўлса, эндиликда ушбу нарх сезиларли равишда пасайтирилиб, 255 минг сўмга туширилди. Натижада, ушбу хизматдан фойдаланиш ҳажми сезиларли равишда ошди. 2020 йилда атиги 38 та дастлабки қарор бериш хизмати кўрсатилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 2785 тани ташкил қилган. Ҳозирда ТИФ иштирокчилари ташқи савдо юкларига тегишли 60 турдаги рухсатнома ҳужжатларни ўз идораларидан чиқмасдан туриб, «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали олмоқда. 

[gallery-18959]

Анжуманда қайд этилишича, бунинг учун тизимга 12 та вазирлик ва идоралар уланган. Биргина шу йилнинг ўзида тадбиркорлар 2,7 млн.дан ортиқ рухсатнома тусидаги ҳужжатларни ушбу тизим орқали олишга муваффақ бўлди. 

Ҳозирга қадар 50 та тадбиркор Ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритиб, натижада улар 8 502 та партия товарларини ўз омборларига тўғридан-тўғри тушириш ҳамда 489 млрд. сўмдан зиёд тўловларни кечиктириб тўлаш имкониятидан фойдаланди. Энг муҳим янгиликлардан яна бири, бу 2024 йилда амалиётга татбиқ этилган экспорт декларацияларини шакллантиришдан бошлаб, расмийлаштиришга қадар бўлган барча жараёнларни қамраб олган «Экспорт уч қадамда» тизими жорий қилинганидир. 

Экспортчи тадбиркорлар, деҳқон ва фермерларга қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу тизим кўмагида экспортда амалдаги мураккаб 9 та босқичли жараёндан воз кечилиб, 3 босқичли механизм ишга туширилди. Мазкур тизим ишга туширилганидан буён 23 мингга яқин декларация билан 724 млн. долларга тенг 439 минг тонна товарлар дунёнинг 71 та давлатига экспорт қилинди. Ушбу тизим орқали тақдим қилинган декларацияларнинг 99 фоизи соддалаштирилган тартибда жумладан, 71 фоизи автоматик расмийлаштирилиб, расмийлаштириш вақти 3 баробар қисқарди. 

Сўнгги икки йилда тадбиркорлар орасида «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимидан фойдаланиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 апрелдаги тегишли фармони билан божхона ҳудудида қайта ишлаш операция турлари кенгайтирилиб, бу тадбиркорликларга жуда катта қулайликлар берибгина қолмай, ташқи савдо географиясини кенгайтириш, экспорт ҳажмини янада оширишга шароит яратди. 

Жорий йилнинг 7 ойида 265 та тадбиркор томонидан 381 млн. долларлик товарлар қайта ишланиб, 529 млн. долларлик товарлар экспорти амалга оширилган. Мазкур рақам 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 173 млн. долларга ёки 49 фоизга ошган. Ҳозирда тадбиркорлар импорт божини 60 кунгача, қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача кечиктириб тўлашлари мумкин. Ўтган 7 ойда 500 дан ортиқ тадбиркорлар 3,9 трлн. сўм миқдоридаги тўловларни кечиктириб тўлаш имкониятидан фойдаланди. Яъни, салкам 4 трлн. сўм маблағ маълум муддатда тадбиркор ихтиёрида қолади ва бу маблағ уларнинг товар айланмасида иштирок этади. 

Жорий йилда 13 мингга яқин хўжалик юритувчи субъектларга божхона тўловларидан деярли 30 трлн. сўм имтиёзлар қўлланилди. Айниқса, четдан келтирилган технологик ускуналарга 5 трлн. сўмга тенг божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан имтиёз берилди. Ушбу енгилликларнинг барчаси мамлакатда ташқи савдонинг ошишига муносиб рағбат бермоқда. 

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 110 та давлатга экспорт қилинмоқда. Ушбу давлатлар рўйхатида Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Франция, Афғонистон ва Қирғизистон олдинги ўринларда турибди. 

Анжуман якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. 

Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА