Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” тартиби тушунтирилди
17:10 / 2023-10-06

Сирдарёда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги 115-сон фармони билан товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашда тадбиркорлик субъектларига яратилган қулайлик ва берилаётган имтиёзлар юзасидан сайёр учрашув ўтказилди.

Учрашувда Божхона қўмитаси Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Р.Акрамов, Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси раҳбарияти ва бошқарманинг соҳавий тузилмалари ҳамда вилоят Савдо-саноат ва Инвестиция бошқармалари вакиллари иштирок этиб, товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 сентябрдаги 482-сон қарорига биноан саноат ишлаб чиқаришида хомашё узлуксизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларга тўхталиб ўтди. Ушбу қарор доирасида божхона тўловларида имтиёз қўлланиладиган товарлар тўғрисида тадбир иштирокчиларига тушунтириш берилди.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида Сирдарё вилоятида рўйхатдан ўтган 14 тадбиркорлик субъекти томонидан қиймати 21,23 миллион долларга тенг товарлар божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида расмийлаштирилиб, 67,23 миллион долларга тенг бўлган қайта ишлаш маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, йил якунига қадар 87,8 миллион долларга тенг бўлган қайта ишлаш маҳсулотлари экспорт (реэкспорт) қилиниши кутилмоқда.

Учрашув давомида “Peng-Sheng” қўшма корхонаси раҳбарияти томонидан жорий йилнинг 8 ойи мобайнида жами 2 630,10 минг АҚШ долларига тенг товарлар экспорти амалга оширилганлиги маълум қилиниб, келгусида корхонанинг “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан кенг фойдаланиши орқали экспорт кўрсатгичларини янада ошириш режалаштирганлиги айтилди. 

Бугунги кунда корхона томонидан экспортга чиқарилаётган тайёр товарлар учун сарф қилинаётган хомашёларнинг маълум қисми божхона тўловларини тўлаган ҳолда чет давлатлардан импорт қилинаётганлиги, эндиликда қўшма корхона таркибидаги 14 та йўналишда фаолият олиб бораётган корхоналарни босқичма-босқич “божхона худудида қайта ишлаш” божхона режимидан фойдаланишга ўтказилиши натижасида хомашёларни қайта ишлаб корхонанинг сарф-харажати қисқартирилиши ва иқтисодий тежамкорликка эришиш мумкинлиги уқтирилди.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири