French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” тадбиркорга кўмакчи
11:57 / 2026-01-09

Тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериш, уларни экспорт-импорт жараёнларида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги кунда божхона органлари зиммасидаги устувор вазифалардандир.

Шу мақсадда, божхона қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда амалдаги тартиб-таомиллар билан экспортёрларни атрофлича таништириш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан “ЖАСМИН ЧАЙ ИНВЕСТ” МЧЖ вакиллари билан сайёр учрашув ташкил этилди.

Учрашувда корхона фаолияти билан яқиндан танишилди. Мазкур корхона томонидан 2025 йил давомида қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг, умумий вазни 700 тонна бўлган тайёр тўқимачилик матолари экспортга йўналтирилгани қайд этилди. Ушбу кўрсаткичлар корхонанинг ташқи бозорлардаги барқарор ўрни ва экспорт салоҳиятининг изчил ортиб бораётганидан далолат беради.

Шунингдек, учрашувда Президентимизнинг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Таъкидланганидек, мазкур фармон билан 2027 йилга қадар божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.

Хусусан, товарларни бевосита чегара ҳудудида экспорт ва импортга расмийлаштириш ҳажмини икки баробарга ошириш, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш асосида товарларни эркин муомалага чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга етказиш, ваколатли иқтисодий операторлар сонини 200 тадан ошириш ҳамда божхона аудити қамровини 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Учрашув якунида корхона вакилларининг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими доирасида фаолиятни янада кенгайтириш борасидаги режаларидан келиб чиқиб, мазкур режимнинг ҳуқуқий асослари, имкониятлари ва ундан фойдаланиш тартиблари юзасидан атрофлича ва аниқ тушунтиришлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.