English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона ҳудудида қайта ишлаш режимининг афзалликлари тушунтирилди
17:01 / 2024-01-17

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, унга бир сўз билан божхона тўловларидан озод ҳудуд сифатида таъриф беришимиз мумкин. Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан мазкур режим асосида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тақдим этилаётган имтиёзларни тадбиркорлик субъектларига етказишга қаратилган тарғибот тадбирлари натижасида сўнгга 6 ой давомида божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимидан фойдаланадиган тадбиркорлар сони яна 14 тага ошди.

Айни режим талаблари ҳамда имтиёзларини Бухоро вилоятида фаолият кўрсатаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига етказишга қаратилган навбатдаги семинар- тренинг Бухоро вилояти божхона бошқармаси мутахассислари томонидан ташкил этилди.

Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлик субектларига бир қанча қулайликлар яратиб берилмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг 18 августида давлат раҳбари ҳузурида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган “Очиқ мулоқот” тарзида ўтказилган йиғилишда ҳам “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан унумли фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш салмоғини ошириш ва экспортни рағбатлантириш вазифаси қўйилди эди. Тадбиркорлик субъектлари, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда декларантлар иштирокида ўтказилган тренингда айнан шу мавзу доирасидаги ўзгаришларга эътибор қаратилди. 

Вилоят мисолида товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш йўналишида амалга оширилган ишларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳозир жами 21 та ташкилот режим имтиёзларидан тўлиқ фойдаланаяпти. Ушбу корхоналар томонидан 2023 йил давомида жами 46 миллион доллар қийматдаги хомашё божхона ҳудудида қайта ишлаш мақсадида олиб келинган. Қайта ишланган маҳсулотлар экспорти эса, 53 миллион долларни ташкил этди.

[gallery-15515]

–Божхона ҳудудида қайта ишлаш режимининг афзалликларидан фойдаланган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари экспорт салоҳиятини камида 2 ҳиссага ошириш имкониятига эга бўлади, -дейди Божхона назорати ва расмийлаштувини ташкил этиш бўлими бошлиғи Алишер Аҳмедов. –Яъни бунда тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи, аксиз солиғи ва турли божхона божларидан тўлиқ озод этилади. Маҳсулотларни божхона ҳудудида қайта ишлаш жараёнида қадоқлаш, ўраш, саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш каби хизматлардан фойдалана олади. Товарлар экспортида қўлланиладиган божхона йиғимлари, ставкалари, имтиёз, преференсиялар, субсидия ва компенсацияларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган тайёр маҳсулотлар ре-экспортига ҳам татбиқ этиши мумкин бўлади. Товарларни қайта ишлаш жараёнида мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиологик хулоса талаб этилмайди.

Эътиборлиси, семинар- тренинг иштирокчиларига нафақат божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимининг афзалликлари тўлиқ тушунтирилди, балки уларнинг банк ва солиқ тўловлари борасидаги саволларига ҳам мутахассислар томонидан тегишлича жавоблар қайтарилди. Кенг қамровли муҳокама ва таҳлилларга бой кечган учрашувда соҳани янада такомиллаштириш ва экспорт салмоғини ошириш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари