Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими самара бермоқда
12:48 / 2025-08-09

Бухоро шаҳридаги “DELTA RUMINO” кийим-кечак ишлаб чиқариш корхонасининг йиллик қуввати 3,2 минг тонна тайёр маҳсулотни ташкил қилади. Корхона “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими афзалликларидан самарали фойдаланиб келмоқда.

Корхона ярим тайёр маҳсулотларни олиб кириб, божхона ҳудудида қайта ишлаб, сўнгра экспорт қилади. Бу жараёнда четдан келтирилган ярим тайёр маҳсулотларнинг ТИФ ТН кодини белгилашда бир муддат аввал ноаниқликлар юзага келган эди. Божхона бошқармаси ходимлари томонидан ушбу ҳолат тадбиркор фойдасига ҳал қилиниб, нафақат божхона, балки рухсат бериш борасидаги ҳужжатларни тақдим қилишга масъул бошқа идораларга тааллуқли муаммоли масалалар ҳам ҳал қилиб берилди.

Ҳозирда корхонада 180 нафар ходимлар иш билан таъминланган. 

Вилоят божхона бошқармаси масъуллари томонидан “Ғайрат Чодак” МЧЖнинг ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам ўрганилди. Мазкур корхона асосан кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг, умумий вазни 402 тоннани ташкил этувчи кийим-кечак саноати ва тўқимачилик саноати учун зарур бўлган ускуналар, бутловчи қисмлар, кимёвий воситалар, бўёқлар ва бошқа турдаги товарларни импорт йўли билан олиб келган.

Корхонада ишлаб чиқарилган кийим-кечак маҳсулотлари ҳозирда тўлиқ ички бозорга йўналтирилмоқда. Шу муносабат билан божхона органи вакиллари томонидан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг имкониятлари, унинг экспортни йўлга қўйишдаги афзалликлари ва қулайликлари ишлаб чиқарувчиларга аниқ рақамлар орқали тушунтириб берилди.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва тегишли таркибий бўлинмалар вакиллари корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, келгусида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай масалада амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.