Президентимизнинг 2022 йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорларнинг хом ашёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришига кенг имконият яратди. Бу режим қўлланилишининг соддалаштирилгани саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириб, тадбиркорлик субъектларининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланишини таъминламоқда, экспортни қўллаб-қувватлаётир.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги “Qurbonali Textil” оилавий корхонаси хориждан келтирилган ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, автомобиллар учун ўриндиқ қопламалари, салон гиламчалари, тент каби тайёр маҳсулотга айлантирмоқда. Ички бозорда ўз харидорини топган маҳсулотларининг бир қисмини қўшни давлатларга экспорт қилишни режалаштирган.
Оилавий корхона шу мақсадда 15 минг доллар қийматидаги хом ашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштириб, тайёр маҳсулотни хориждаги буюртмачиларига етказиб беришга ҳозирлик кўрмоқда.

– Ўтган йилларда тикувчиларимиз автомобиллар учун турли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни яхши ўзлаштириб олди, – дейди оилавий корхона бошлиғи Қурбонали Казаков. – Ички бозорда ўз харидорларини топди. Энди қўшни давлатлардан ҳам буюртма тушмоқда. Хориждаги буюртмачиларимизга жўнатадиган арзон ва сифатли маҳсулотимиз хом ашёсини божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштирганмиз. Бу тартибнинг енгиллик ва қулайликлари бизда катта қизиқиш уйғотди.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари X.Холбаев оилавий корхонада бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини ўрганди. Оилавий тадбиркорлар билан учрашиб, божхона ҳудудида қайта ишлаш режимининг тадбиркорлар учун яратган енгилликлари, божхона тўловларини вақтинча тўхтатиб туриш имконияти, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш, экспорт географиясини кенгайтиришдаги афзалликлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Имтиёзлар тушунтирилди.

Айни пайтда 50 га яқин ишчи меҳнат қилаётган “Qurbonali Textil” оилавий корхонаси йилига 40 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Жорий йилда 12 минг дона рақобатбардош, сифатли, бежирим тайёр маҳсулот чет элга экспорт қилинади.
Вилоят божхона бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида воҳадаги 22 та корхона товарларини божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири