Божхона қўмитасининг халқаро ҳамкорлик бошқармаси ходимлари Сирдарё вилоятида бўлиб, ташқи иқтисодий фаолиятда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига эътиборни қаратди.
Дастлаб Гулистон шаҳрида жойлашган 350 нафар иш ўрнига эга “Chelebi Textile” МЧЖ фаолияти билан танишилди. Аёллар, болалар ва эркаклар учун тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган мазкур корхонада жорий йилнинг шу даврига қадар қиймати 6,4 млн АҚШ долларга тенг маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган. Шундан корхона томонидан синов тариқасида Туркиядан олиб келинган 500 кг. трикотаж матолар “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига расмийлаштирилиб, қайта ишланган тайёр маҳсулотлар экспорт қилинган. Суҳбат давомида тадбиркор келгусида қайта ишлаш имкониятларидан самарали фойдаланиб, экспорт кўрсатгичларини янада оширишни режа қилганини маълум қилди.


Кейинги манзил Мирзаобод туманида жойлашган “Tovuz Granate” МЧЖ бўлди. Корхона бир ойда ўртача 60 тонна миқдоридаги анор шарбатини қайта ишлаган ҳолда 100 минг АҚШ доллари қийматида экспорт қилиш имкониятига эга.



Масъуллар бошқарманинг “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости фаолияти билан ҳам танишиб, ходимлар билан соҳага доир фикр-мулоҳаза алмашилди. Мазкур пост томонидан 2024 йилнинг 5 ойи давомида жами 10320 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлиб, 86 фоиз божхона юк декларациялари соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири