Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхона ҳудудида қайта ишлаш фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар қатор божхона тўловларидан озод этилди
11:08 / 2022-09-15

Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида фаолият олиб борувчи тадбиркорларга қатор енгилликлар яратилди.

Маълумки, ривожланган мамлакатларнинг ташқи савдосида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг ўрни юқори ҳисобланади. Мисол учун, қайта ишланган маҳсулотларининг умумий экспортдаги улуши Хитойда 35 фоизни, Европа Иттифоқида 10 фоизни, Россияда 13 фоизни ташкил этади. 



Шу ўринда бизнинг мамлакатимизда ҳам божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Бу йўналишда Ҳукумат томонидан доимий равишда қулайликлар ва енгилликлар яратилиб келинмоқда. 

Хусусан, Президентимизнинг жорий йилнинг 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини қўллашни соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорлик субъектларига жуда катта қулайлик ва ваколатлар берилди. Шу билан бирга, ташқи савдо географиясини кенгайтириш ва экспорт ҳажмини янада оширишга шароитлар яратилди. 

Қолаверса, мазкур фармон билан тадбиркорлар учун қуйидаги қўшимча қулайликлар яратилди. Жумладан, товарларни қайта ишлаш операциялари рўйхати қадоқлаш, ўраш, саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш хизматлари билан тўлдирилди. 

Эътиборли жиҳати шундаки, яратилган энг катта енгилликлардан бири мазкур жараёнларни амалга оширишда тадбиркорлар ҳеч қандай божхона тўловлари тўламайди. 

Товарлар экспортида қўлланиладиган божхона йиғимлари ставкалари, имтиёз, преференциялар, субсидия ва компенсацияларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган тайёр маҳсулотлар экспортига ҳам татбиқ этиш белгиланмоқда. 

Авваллари товарларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган маҳсулотларни реэкспорт қилганда тадбиркорларга енгилликлар мавжуд бўлмаган. Биргина мисол, товарни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган маҳсулотни реэкспорт қилишда ташиш харажатининг 50 фоизи компенсация қилиб берилади. Бундан бошқа енгиллик ва имтиёзлар ҳам мавжуд. 

Товарларни қайта ишлашда мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиологик хулоса ҳамда махсус иқтисодий зона иштирокчилари ва ваколатли иқтисодий операторлар томонидан божхона тўловлари таъминоти  талаб этилмайди. 

Илгари товарларни ушбу режимга расмийлаштиришда товар импортида қандай ҳужжат талаб қилинган бўлса, шу ҳужжатларни божхона органига тақдим этиши лозим эди. Бу тадбиркорларда қўшимча вақт ва маблағ сарфига олиб келган. Энди эса бу қийинчилик ва муаммолар ортда қолди. 

– Қайта ишлаш бўйича тайёр маҳсулотларнинг чиқиш меъёрларини тадбиркорлар томонидан белгиланиши жорий этилди, – дейди Давлат божхона қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов. – Бугунги кунга қадар қайта ишлаш маҳсулотларини чиқиш нормалари ваколатли орган томонидан амалга оширилиши белгиланган эди. Лекин, тадбиркорлар қайта ишланадиган товарлари бўйича ваколатли органни топа олмасдан вақт йўқотишарди. Энди эса ушбу ваколат тадбиркорларнинг ўзига берилди. Бу жуда катта енгилик ҳисобланади, десак адашмаймиз. Қайта ишлашдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш”да божхона божи қўлланилмайди. Бугунги кунга қадар товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни ички бозорга сотиш божхона божларини тўлаган ҳолда амалга оширилган. Қолаверса, айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича, контрактлар сонидан қатъий назар, 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга божхона органи томонидан умумий рухсатнома бериш тартиби жорий этилди. 

Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, товарларни таъмирлашда тадбиркорларга қайта ишлаш рухсатномасини олиш талаб этилмайди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 30 августда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2022 йилдаги “очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарорда божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича, яъни хом ашё ва материалларни “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига гаровсиз олиб кириш механизмини жорий этиш топшириғи берилди. 

Тадбирда қайд этилишича, бу борада ҳам тадбиркорлик субъектлари томонидан берилган таклифларни инобатга олиб тегишли вазирлик идоралар билан фармон лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. 

Яъни, бунда фақатгина хом ашё ва материаллар учун гаровсиз “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига товарларни жойлаштириш эмас, балки барча тадбиркорлик субъектлари учун товарларни қайта ишлаш мезонларидан келиб чиқиб, гаровсиз рухсат бериш тизими ишлаб чиқилмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, фармонда тадбиркорлар учун яратилган енгиллик ва қулайликлар кўплаб мамлакатларда мавжуд эмас. Бундай имкониятни тадбиркорлар оқилона фойдаланиши лозим. 

Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА мухбири