Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан ҳудуддаги экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқарувчиларга яратилган божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиш борасида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида қатор корхоналарда сайёр ўрганишлар олиб борилди.
Ғиждувон туманида жойлашган “БУХОРО МЕВА САБЗАВОТЧИЛИК ЭКСПОРТИ” МЧЖ фаолияти ўрганилганда корхонанинг “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан фойдаланиш борасидаги амалий тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.

Корхона ушбу режим имкониятларидан фойдаланишни бошлаганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қиймати 61 минг АҚШ долларига тенг 74 тонна мева-сабзавотни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига расмийлаштиришга эришган. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт жараёнларида божхона тизими билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйганидан далолат беради.

Шунингдек, хориж бозорларида ўз ўрнини топишга интилаётган корхона томонидан 20 тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан тайёрланган консерва маҳсулотлари 17 минг АҚШ доллари қийматида экспортга йўналтирилган.
Корхона вакилларининг таъкидлашича, экспорт ҳажмини янада ошириш мақсадида келгуси йил учун бир қатор хорижий давлатлар билан янги экспорт шартномаларини тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ҳамда таркибий бўлинмалар вакиллари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, экспортга тайёрлов ишлари билан яқиндан танишди. Учрашув давомида корхона вакиллари томонидан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг афзалликлари, тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш тартиби ҳамда жараёнда учраши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш йўллари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Божхона органлари томонидан олиб борилаётган бундай ўрганишлар нафақат экспортни қўллаб-қувватлаш, балки мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири