“26 январь – божхона хизмати органлари ходимлари куни” муносабати билан Тошкент вилояти божхона бошқармасида байрамона тадбири ўтказилди.
Унда Ватанга садоқат билан хизмат қилиб юқори натижаларга эришган ходималар ҳамда божхона фахрийлари Божхона қўмитаси Раис буйруғи билан тантанали равишда муборакбод этилди.

Ҳозирда Тошкент вилояти божхона бошқармаси тузилмасида 16 та божхона пости мавжуд. Унинг масъулияти доирасида 71 та божхона омбори, 1 та бож олинмайдиган савдо дўкони, 2 мингдан ортиқ божхона ташувчиси ҳамда 5 минг яқин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси фаолият кўрсатмоқда.

Ўз навбатида экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш учун божхона постларида ташқи иқтисодий фаолият учун барча шароит яратилган. 2024 йилнинг ўтган давр мобайнида бошқарма томонидан жами 13,4 триллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,4 триллион сўм имтиёзлар берилди, қолган маблағлар давлат бюджетига ўтказилди.

Тизимда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли барча бўлинма, гуруҳ ва божхона постларида фуқароларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бошқармада божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 78 та ҳолатда 75,8 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 69 миллиард 484 миллион сўмга тенг товарлар ушлаб қолинди. Давлатимиз акциз маркаси билан маркаланмаган 63 та ҳолатда қиймати 1,9 миллиард сўмлик жами 69 минг 593 қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Бугунги кунда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона тўловларини тўлиқ таъминлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишини кучайтириш орқали экспортни кўпайтириш, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ишларини мувофиқлаштириш ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш йўналишларида тизимли ишлар қилинмоқда.
А.Мусаев, ЎзА