Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Божхона фахрийлари, бошқарма шахсий таркиби ва ёш ходимлар иштирок этган тадбирда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари X. Холбоев Президентимиз ташаббуси билан меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича сўз юритди.

Мустақиллик йиллари божхона тизими мамлакатимизни жаҳон иқтисодиёти билан боғлайдиган муҳим бўғинга айланиб, тадбиркор ва инвесторларга яқин кўмакчи бўлмоқда. Айниқса, кейинги йилларда божхона фаолияти такомиллаштирилиб, рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани божхона маъмуриятчилигининг шаффофлик ва ишончлилик тамойилига асосланган сифат жиҳатидан янги тизимини яратди. Биргина сўнгги уч йилда соҳада ўттиздан зиёд янги ахборот тизими жорий этилиб, 10 га яқин давлатларнинг божхона хизматлари, 40 дан ортиқ авиакомпания, 30 дан зиёд вазирлик ва идора билан ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Божхона расмийлаштируви ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари ташкил этилиб, божхона юк декларацияларини инсон омилисиз расмийлаштириш улуши оширилмоқда.

Учрашувда сўзга чиққан фахрийлар божхона хизмати органларининг дастлабки шаклланиш босқичлари ҳусусида фикр алмашиб, ўша даврдаги шароит билан ҳозирги замонавий имкониятларни қиёслади. Хизмат давридаги воқеаларни хотирлаб, бой тажрибаларини ўртоқлашди. Юртимиз тинчлиги ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги шарафли хизматда ёш божхоначиларга таклиф ва тавсияларини билдириб, тинч, тўкин ҳаётни қадрлаш, яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиб, хизматни адолат ва ҳалоллик тамойиллари асосида сидқидилдан бажариш юзасидан қимматли маслаҳатлар берди.

Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган тадбирда иштирок этган уч авлод вакиллари бир-бирларини энг улуғ, энг азиз байрам билан самимий табриклаб, Ватанимизга тинчлик, сарҳадларимизга осойишталик, юртимизга фаровонлик тилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири