Божхона постларида «Ягона дарча» тизими жорий этилади
Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилади.
Давлат божхона қўмитасида Президентимизнинг жорий йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони ижроси, соҳадаги янгиликларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Фармон билан умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни жорий этиш ҳамда илғор услубларни қўллаган ҳолда божхонани соддалаштирилган шаффоф тизимга айлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди ҳамда янги таркибий тузилмалар ташкил этилди. 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ва мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, божхона органлари фаолияти ва инфраструктура объектларини ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини соҳага жорий этиш орқали божхона органлари шаффофлиги ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш каби йўналишлар устуворлик касб этади.
2020 йил 1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари божхона органларига ўзларининг ахборот тизимларини божхона органлари ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида тақдим этади.
2020 йил 1 сентябрдан «Ягона дарча» божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилиши белгиланди. Шу билан бирга, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунга қисқартирилди.
Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилади.
Транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда вақтинчалик олиб кириш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилиши, «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида маҳсулотни чиқариш меъёрини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилиши белгиланди.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот коммуникация технологиялари бошқармаси томонидан «Хавфни бошқариш» тизими ёрдамида хавфи юқори бўлган товар ва транспорт воситалари ёки ТИФ иштирокчилари доирасида эркин муомалага чиқарилган товарлар доирасида божхона назоратидан кейинги текширувни амалга ошириш учун «Божхона аудити» автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш мақсад қилинган.
Анжуманда, юкни етказиб бериш назорат китобчасини транзит божхона юк декларацияси билан алмаштириш амалиёти ҳамда “Е-TRANZIT” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиши хусусида ҳам сўз борди.
Соҳада амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар товарлар назоратини чегарада эмас, балки юклар кириб келишидан олдин ёки мамлакат ичкарисида эркин муомалага чиқарилгандан кейин амалга ошириш тизимини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг қулайликлар яратади.