Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўзатовда Фарғонанинг “Тоза ҳавоси” (+видео)
20:53 / 2022-05-03

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қорақалпоғистонда кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотларни амалга оширишга киришилди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида эзгу ташаббуслар рўёбга чиқарилмоқда.

Бундай янгиланиш ва ўзгаришлар замирида “Одамлар эртага, узоқ келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак” деган хайрли мақсад мужассамдир. Бу – ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида истиқболли лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, энг асосийси, қорақалпоқ аҳлининг ҳаётга ва эртанги кунга бўлган ишончи, дунёқарашини ўзгартиришни ҳам назарда тутади. 

2021 йилнинг декабрида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят мутасаддилари Бўзатов туманида бўлиб, бу ерда фарғоналиклар томонидан қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш соҳалари, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилиши режалаштирилаётган ишларни келишиб олдилар.

Афсуски, табиат қонунларига зид тарзда Амударё ва Сирдарё сувининг сунъий равишда чўлларга бурилиб, пахта майдонларининг кўпайтирилиши оғир экологик ҳалокатга замин яратди. Минтақада чўлланиш ва шўрланиш даражаси кескин ортди. Бир пайтлар ҳаёт қайнаган, чорвачилик, деҳқончилик, балиқчилик, шоличиликка ихтисослашган ҳудудулар аҳолисининг турмуши оғирлашди.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/adnqtw_F61Q" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Айни пайтда туманда 198 минг гектар ер мавжуд бўлиб, унинг 15 минг гектари суғориладиган ер ҳисобланади. Атиги 1,5 минг гектар ерда деҳқончилик қилинади. Сув, ишчи кучи ва бошқа ресурслар етишмаслиги туфайли ерлар фойдаланишдан чиқиб кетган. Улкан майдонларни ёввойи ўт босиб ётибди.

Туманда деярли саноат корхоналари йўқ. 75 минг гектар ер чорва яйловлари учун ажратилган. Ерни ёввойи ўтлардан тозалаш, яхши ҳосил олиш мумкин. Бунинг учун сув, маблағ, энг асосийси, астойдил меҳнат қилиш керак. Шу боис Фарғона вилоятининг Бўзатов туманига оталиқ ёрдами бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар бошланди.

– Фарғона вилояти ҳокимининг 2021 йил 4 декабрдаги қарори билан Бўзатов туманида доимий фаолият олиб борадиган “Фарғона – Бўзатов тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” дирекцияси ташкил этилди, – дейди дирекция директори Акмалхўжа Саидов. – Дирекцияга бино-иншоот сотиб олиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 3,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.

2022 йилги Инвестиция дастури доирасида туманда қиймати 519,9 миллиард сўмлик 36 та лойиҳа амалга оширилиб, 1609 та иш ўрни яратилади. Хусусан, саноат йўналишида 178,9 миллиард сўмлик 8 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш соҳасида 15,6 миллиард сўмлик 23 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигида 320,2 миллиард сўмлик 23 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган.

Натижада 179,4 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қуввати яратилади, 14,6 миллиард сўм миқдорида экспорт амалга оширилади, маҳаллий бюджетга 11,6 миллиард сўм тушум тушиши таъминланади.

Ўтган қисқа фурсатда туманда “Яшил макон” лойиҳаси бўйича 270 минг туп мевали ва манзарали дарахт экилди, 510 та хонадон таъмирланиб, ободонлаштирилди. 500 та хонадонга 50 минг туп мевали кўчат экиб берилди, 185 та хонадонга кичик, 8 та оила учун 24х8 ҳажмда иссиқхоналар қурилди. 20 та хонадон олдидаги бўш турган ерга Олтиариқ тажрибаси асосида узум қаламчалари экилиб, 14 та уй олдида сўриток қилинди. 200 та оилага 5 мингга яқин курка ва товуқ, 60 та оилага қуён, 150 та оилага 300 бош қўй ва эчки тарқатилди.

Паррандачиликни ривожлантириш мақсадида 7 та хонадонга 500 бош жўжа боқиш имконини берувчи инкубаториялар берилиб, наслли жўжа олиш фаолияти йўлга қўйилди. 2,6 километр йўл текисланиб, шағал ётқизилди. 1 километр электр тармоғи янгиланди, 2 та тик қудуқ қазилиб, ичимлик суви чиқарилди.

Шунингдек, 500 та оилага моддий ёрдам кўрсатилиб, 500 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди.

2021 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари сайловолди учрашуви доирасида Бўзатовга ташриф буюрди. Қорақалпоқ заминига бу галги ташриф чоғида яна бир бор одамларнинг дарду ҳасратини эшитди. Самимий мулоқотда муаммоларга биргаликда ечим топишга маслаҳатлашиб олинди.

Юртбошимиз юзма-юз мулоқотда: “Дарахтларнинг соғломлиги унинг баргларидан билинади. Бўзатовнинг ери тоза, тупроғи унумдор, дориси йўқ. Бўзатов – Қорақалпоғистоннинг Швейцарияси. Мана шу Швейцарияга муносиб бўлиш керак” дея таъкидлаган эди.

– Президентимиз сайловолди учрашувида Бўзатовда кенг кўламли янгиланишлар, бунёдкорлик ишларини амалга оширишда бир ўзинглар қийналасизлар, сизларга Фарғона тажрибаси керак, дея таъкидлаган эди, – дейди Бўзатов тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Ўринбой Қудайназаров. – Шундан сўнг Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Бўзатовга келгач, эртанги кун истиқболи йўлида ҳамкорлик режалари белгилаб олинди. Ҳозирги кунда туманимиз Фарғона вилоятига бириктирилиб, ҳудудни ривожлантириш учун биргаликда ҳаракат қилинаётгани ҳалқимизни беҳад қувонтирмоқда. 

[gallery-6927]

Аслида кейинги икки йилда Бўзатов одамларнинг кўз ўнгида замонавий қиёфага эга бўлди. Туман марказида Ёшлар маркази, марказий футбол стадиони, минг ўринли маданият маркази қад ростлади. Янгидан қурилган амфитеатр биносида маданий хизмат кўрсатиш ҳамда оммавий байрамлар, кўнгилочар тадбирлар ўтказиляпти. Бердақ боғи ва унинг ёнида инновацион усулда барпо этилган Ёшлар боғи туман маркази кўркига кўрк бўлиб қўшилди. Молия, ғазначилик ва пенсия жамғармалари бўлимлари, Бандликка кўмаклашиш маркази, Давлат хизматлари маркази бинолари янгидан қурилди. Яқинда ноанъанавий услубда қурилган “Ҳунармандлар аллеяси”, икки қаватли 120 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти, болалар-ўсмирлар спорт мактаби фойдланишга топширилди.

Бўзатов тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Қайрат Полибековнинг маълум қилишича, бугунги кунда ҳудудда экотуристик маршрутларни кўпайтириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Шу мақсадда чинор, мирзатерак, оқ терак, оқ ва қора тол, жийда дарахтлари аллеялари ташкил этиляпти. Фарғона вилоятининг Қува тумани тажрибаси асосида ноёб манзарали ва мевали дарахтлар экилмоқда.

Чўл ҳавоси жуда инжиқ. Эрталаб шамол чанг-тўзон кўтарилиб, тушликда қуёш ажиб жилва қилади, кечга бориб шаррос ёмғир қуйиши мумкин. Ёввойи тўқайзорлар атрофида янги ерлар ўзлаштирилар экан, одам бўйи ўсиб кетган юлғинлар, саксовуллар узоқ йиллик сукунат олами бузилаётганидан безовта тўлғонади. Қирғовуллар самода чарх уриб қадрдон маконини ҳимоя қилишга уринади. Чиябўри, тулки, илонлар одам исини сезиб, узоқдан унинг хатти-ҳаракатини синчковлик билан кузатади.

– Сув – Бўзатовда ҳаёт-мамот масаласи, – дейди Фарғона вилоятидан бириктирилган вакил – “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассиси Ғайратжон Рустамов. – Чунки туманнинг ерларига Амударёдан навбати билан сув олинади. Бўзатовнинг аксарият ҳудудлари ери икки-уч тумандан ўтиб келувчи сув билан суғорилади. Беҳаловат кунлар, уйқусиз тунлар ҳар қандай одамнинг тинка-мадорини қуритади. Лекин ишонч, масъулият ҳар куни янги куч топиб, тинимсиз меҳнат қилишга ундамоқда.

“Рамз Бўзатов боғи” МЧЖ томонидан 407 гектар ер ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, тинимсиз меҳнат туфайли икки ярим-уч ойда 305 гектари ўзлаштирилди. Қор-қировли кунлар, тунда ҳам Фарғонадан олиб келинган 4 та юқори унумли техника тиним билмай ишлади.

Фарғона вилояти маҳаллий бюджети маблағи ҳисобидан 35 километр масофадан сув олиб келинди. Бунинг учун ўн йиллар давомида фойдаланилмай ётган ариқлар тозаланди. Шу кунларда 30 гектар ер суғорилиб, маккажўхори экишга тайёрланди.

Германиядан 80 миллион сўмлик серҳосил маккажўхори уруғи олиб келинди. Шунингдек, янги ўзлаштирилган ерларга соя, картошка экиш режалаштириляпти.

“Рамз Бўзатов боғи” МЧЖ раҳбари Рамзбек Раимов ва ирригация соҳасида тажрибали мутахассис Ғайратжон Рустамов шу ерда танишиб, қийинчиликларда биргаликда тобланишди, қадрдон дўст тутинишди. Икковлонни суҳбатга чорласангиз, кечалари бошларига тунчироқни қўндириб, телефон орқали ўзаро гаплашиб, узоқ масофалардан оби ҳаёт манбаи бўлган сув олиб келишганини ўзгача мароқ билан сўзлаб беришади.

– Ерларни экин экишга тайёрлашда лазерли текислаш қурилмасидан фойдаланяпмиз, бу сувдан оқилона фойдаланиш ва харажатни тежаш имконини беради, – дейди “Рамз Бўзатов боғи” МЧЖ раҳбари Рамзбек Раимов. – Бунинг учун юқори унумли техникада барча жараён компьютерлаштирилган. Трактор кабинаси ёзда салқин, қишда иссиқ. Механизатор юмушларни ҳеч бир қийинчиликсиз бажаради.

Яхши ният билан сув бўйларига Фарғонадан тол новдалари олиб келиб экилди. Буни қарангки, тол новдалари барг ёзиб кўкарди. Яқин келажакда ушбу толлар соя-салқини, майин шабодасида мумтоз қўшиқлар тинглаб, дам олиш, ҳордиқ чиқариш мумкин бўлади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан олим ва мутахассисларга Бўзатов туманида ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, пахта, соя, картошка, мева-сабзавотлардан мўл ҳосил олиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқилди.

Халқ депутатлари Бўзатов тумани Кенгаши сессиясида қишлоқ хўжалиги йўналишида 17 нафар ташаббускорлар учун талаб этиладиган 3 минг 751 гектар ер майдони ажратиш маъқулланди. Шу тариқа бу йил туманда 1232 гектар ер ўзлаштириш режалаштирилган. Бугунги кунгача 1 минг 500 гектар ер (режага нисбатан 122 фоиз) ўзлаштирилди.

“Yaypan univer cluster” МЧЖ пахтачилик кластери ташкил этилиб, туман сессиясида кластер мутахассислари танлаган 2057 ер майдони кўриб чиқилди. Кластер корхонаси томонидан ҳозирги кунга қадар 1100 гектар ер ўзлаштирилиб, 60 гектарига чигит, 90 гектарига соя, 10 гектарига картошка экилди.

– 2022 йилнинг январь ойида Кўкшеил ҳудудидаги узоқ йиллар фойдаланишдан чиқиб кетган ушбу ерлар юлғунзор эди, – дейди кластер корхонаси иш бошқарувчиси Қаҳрамонжон Имомназаров. – Фарғонадан энг юқори унумли янги техникалар олиб келиниб, иш икки сменада ташкил этилди.

Олимлар билан маслаҳатлашиб, илмий жиҳатлари ўрганилган ҳолда тупроқ-иқлим шароитига мос “С-4727” пахта нави танланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, мазкур навдан биринчи йилнинг ўзида гектаридан ўртача 32-35 центнер ҳосил олиш мумкин. Асосий мақсад – шу йилнинг ўзида ҳар гектар ердан 40 центнердан сифатли ҳосил олишга қаратилган.

Кластер корхонасида маҳаллий аҳоли вакиллари учун ҳозирча 70 та янги иш ўрни яратилди. Хўжааҳмед Обутов Еркиндарья касб-ҳунар коллежини тугатиб, иш йўқлиги боис Россияда ишлаб юрарди. Бу йил хорижга кетишга эҳтиёж қолмади. Шамшиддин Хўжамуротов ҳам Қозоғистонда мавсумий юмушларда ишлаб юрарди. Кластер ташкил этилгач, биринчилардан бўлиб ишга кирди.

– Астойдил қилинган меҳнат самараси сифатида илк ҳосил нишоналари бўй кўрсатди, – дея кластер корхонаси мутахассиси Козимжон Сиддиқов бизни қўшни дала майдонларига етаклади. – “Санта” навли картошка, Тошкентдан келтирилган соя уруғини ҳам бенуқсон ундириб олдик. Тажриба тариқасида қовун ҳам экиб кўрмоқчимиз.

– Бўзатовга Фарғона ҳавоси – “тоза ҳаво” кириб келди, – дейди Бўзатов тумани маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Индира Полибекова. – Фарғонача тадбиркорлик, серҳаракат ҳаёт тарзи энг ўткир муаммолар – ишсизлик, камбағалликнинг комплекс ечимини таъминлаяпти. Томорқа маданиятини шакллантирмоқда.

“Кусханатов” овул фуқаролар йиғинининг бўш турган биносида Марғилон шаҳри тажрибаси асосида тикувчилик цехи ташкил этилди. 10 та замонавий тикув машинаси ўрнатилиб, 10 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Цехда болалар ва аёллар кийимлари тикиляпти. Шу маҳаллада яшовчи уста-чевар Дилбар Нурлипесова ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйди. Ҳозирги кунда ҳудуд ёшлари касб-ҳунарга ўқитиляпти.

Кусханатов массиви Амударё этагида жойлашган. Ўн чақиримдан кўпроқ масофада дарё соҳили қорақалпоқ диёрининг асрий қишлоқ ва овулларига ризқ-насиба улашиб, турли ирмоқларга бўлиниб оқади.

Шу ҳудудда Бешариқ туманидаги 4 та ғаллачилик кластери томонидан 32 гектар ер қовун экиш учун тайёрланди. Қорақалпоқ диёрида жорий йилда қовун етиштириш бўйича ўзига хос тажриба ўтказилиб, экспорт имкониятлари ўрганилади.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун Бўзатовда яратиш ва яшнатиш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари авжида. Эндиликда туман аҳли “Бизга бўлаверади!” қабилида умргузаронлик қилиш одатидан воз кечиб, замон билан ҳамнафас бўлиш, янги иштиёқ ва ишонч билан яшашга интилмоқда.

Бу – Бўзатовнинг эртанги кун истиқболи йўлида ташланаётган дадил қадамлардир.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

ЎзА