Бойсун туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Шоҳимардон бобо Ҳамроев 104 ёшини фарзандлари, бир этак невара, чевараю эваралари қуршовида қарши олди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев ҳаётининг энг кучга тўлган даврини жанг майдонларида ўтказган отахон хонадонида бўлиб, улуғ айём – Наврўзи олам арафасида 104 баҳорни қарши олгани билан самимий табриклаб, дилдан суҳбатлашди.

Иккинчи жаҳон урушида Латвия, Литва, Эстония каби давлатларни душмандан озод этишда жасорат кўрсатган жангчи ғалабадан сўнг тоғли Бойсун туманидаги Дарбанд қишлоғига қайтиб келди. Педагог касбини эгаллаб, 40 йил шу қишлоқдаги мактаб ўқувчиларига сабоқ берди. “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” бўлди. Оиласида 11 фарзандни тарбиялаб, улғайтирди.

– Ёшлигимиз кўп синовли даврларга тўғри келди, – дея хотирлайди Шоҳимардон бобо. – Очарчиликни, жангу жадалларни бошимиздан ўтказдик. Урушнинг номи ўчсин. Жигарларимиздан, дўсту яқинларимиздан ажралдик. Кўпчилик қуролдошларимиз ногирон бўлиб қолди. Менинг ҳам танамда дайди ўқнинг излари қолган. Урушдан кейинги турмушимиз енгил кечгани йўқ. Мана, ёшим бир жойга етганида тўкин, осуда яшаяпман. Президентимизнинг биз кексаларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликлари ёшимизга ёш қўшмоқда. Қадримиз улуғланмоқда. 48 невара, 70 чевара ва етти эварамнинг бахтли турмушини кузатиб, беихтиёр фахрланаман. Бундай ҳаёт учун ҳар тонг уйғонганимда мамлакатимизга тинчлик, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бардавомлик тилайман.

Айни кунларда ҳаётидан рози бўлиб яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси қишлоқнинг энг кекса, энг иззатли оқсоқоли сифатида эътибор ғамхўрлик оғушида ҳаётдан рози бўлиб, фаровон яшамоқда.
Шу куни пиру бадавлат Шоҳимардон бобо Ҳамроевга бошқарманинг эсдалик совғалари топширилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири